12:19 (13.04.2023)
2353
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги идоралараро буйруқ лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Мазкур буйруқ орқали тасдиқланадиган Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом билан давлат харидлари жараёнида Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш, реестрга давлат харидлари ижрочиларини киритиш ва ундан чиқариш тартиби белгиланади.
Иштирокчи, ғолиб ёки ижрочи реестрга ваколатли орган томонидан:
- тегишли суднинг қарорига;
- Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорига;
- ваколатли органнинг қарорига асосан киритилади.
Аризачилар томонидан иштирокчи, ғолиб ёки ижрочини реестрга киритиш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш ва ўрганиб чиқиш мақсадида ваколатли органнинг биринчи раҳбарини ички буйруғига мувофиқ камида беш нафар аъзодан иборат Ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ томонидан аризачиларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилади ва ваколатли органга ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни тақдим этади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибга мувофиқ электрон тендерда ғолиб деб топилган иштирокчи аксептни муддатида тасдиқламаган тақдирда автоматик равишда инсон омилисиз давлат харидларининг электрон тизими томонидан иштирокчи электрон тендерларга қўйилмайди ҳамда бу ҳақида реестрга электрон маълумот юборади.
Инсофсиз ижрочи реестрга икки йил муддатга киритилади ва бу муддат тугаганидан кейин ижрочи реестрдан чиқарилган ҳисобланади.
Реестрга киритилган инсофсиз ижрочи икки йил давомида давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади. Реестрга киритилган инсофсиз ижрочи билан давлат харидлари тўғрисидаги шартномани тузгани учун давлат буюртмачиси жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, низомда реестрни юритиш, аризачи томонидан реестрга киритиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш тартиблари белгиланган.