17:09 (30.03.2023)

2851

“Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг 2022 йил фаолияти якунлари

Бугун,  30 март куни Миллий матбуот марказида айни шу мавзуда матбуот анжумани ўтказилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика бозорида дори воситаларининг улгуржи реализацияси билан шуғулланувчи корхоналар сони 616 тани ташкил этади. Ана шулардан бири “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясидир.

Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи компания тизимида 2000 га яқин ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари  фаолият юритади. Ушбу дорихоналарнинг 1260 таси ёки 63 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Шунингдек, махсус жиҳозланган автомобилларда 107 та кўчма дорихона  ташкил этилган бўлиб,  бу кўчма дорихоналар маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган жадвал асосида республикамизнинг чекка ва дорихона мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига керакли дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беради.

 Компания ва унинг ҳудудий бўлинмалари турли тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиси ҳисобланади. Хусусан, 2022 йил давомида:

- соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига  – 246.2 млрд. сўмлик;, 

- бошқа даволаш профилактика муассасаларига – 22.0 млрд.сўмлик;

- хусусий секторга – 30.0 млрд.сўмлик;

- ҳарбий даволаш муассасаларига – 11.4 млрд. сўмлик;

- ҚВП ва ҚОПларга – 84.4 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказилди.

 Компания 130 дан ортиқ маҳаллий ва чет эллик етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 2022 йилда  46,0 млрд. сўмлик  маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар фармацевтик маҳсулотлари харид қилинган.

Хорижий таъминотчилардан 2022 йилда 11 млн. АҚШ доллари ёки 129 млрд.сўм миқдорида  импорт маҳсулот харид қилинган.

Компания томонидан Давлат буюртмаси асосида хорижлик ҳамкорлар билан шартномалар имзолаган ҳолда 2022 йилда 2 347 000  доза гриппга қарши вакциналар олиб келинган бўлиб, бу вакциналар болалар, ўқитувчилар ҳамда шифокорлар бепул эмланиши учун Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига етказиб берилди. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида дорихоналар орқали чакана реализация қилинди.  Бундан ташқари, 2022 йилда  955 145  флакон  инсулин кирим  қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги  “Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сон Қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 13 тоифаси рўйхати тасдиқланган. Уларни дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш учун сарфланадиган харажатлар давлат томонидан қопланиши белгиланган. Ушбу тоифага кирувчи беморларга Компания тизимидаги дорихоналар орқали 2022 йилда 523915 та рецепт асосида  27,1 млрд. сўмлик  дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.

Компаниянинг умумий товар айланмаси 2022 йил якунлари бўйича 707.7 млрд. сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси  455,4 млрд. сўмни, чакана товар айланмаси  252,3 млрд. сўмни ташкил этди.

2016-2022 йиллар давомида 10,6  млрд. сўмлик дори-дармонлар, тиббиёт буюмлари ва гигиена воситалари руҳий касалликлар, наркология, онкология диспансерлари, оилавий поликлиникалар, Ногиронлар жамияти, “Нуроний”, “Соғлом авлод учун” ва бошқа бир қатор жамоат фондлари ҳамда ташкилотларга хайрия ёрдами сифатида етказиб берилган.

2022 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, компаниянинг веб-сайти, шунингдек, ёзма шаклда ва ишонч телефонлари орқали жами 213 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилган ҳолда, асосли жавоб қайтарилди.

Компанияда 2021 йил сентябрь ойидан бошқарув раисига тўғридан-тўғри бўйсунадиган “Комплаенс-назорат” хизмати ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Компания томонидан тизимда коррупцияга қарши курашиш даражасини ошириш мақсадида Марказий дорихона, “Андижон Дори-Дармон” АЖ, “Наманган Дори-Дармон”АЖ, “Сирдарё Дори-Дармон” МЧЖ ходимлари ва дорихона мудирлари иштирокидаги давра суҳбатлари ҳамда йиғилишлар ўтказилди. Видеоселектор шаклида ўтказилган йиғилишларда  ва тарғибот тадбирларида ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.        

2022 йил давомида Компаниянинг корпоратив бошқарув тизими самарали йўлга қўйилиб, ўтган даврда 1 та акциядорлар умумий йиғилиши, 11 та Кузатув кенгаши мажлиси ва 74 та бошқарув йиғилиши ўтказилди.

Бугунги кунда “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ўз фаолиятининг энг муҳим палласида турибди: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги “Давлат иштирокидаги йирик корхоналар акцияларини фонд биржасида бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш тўғрисида”ги 446-сонли қарорига мувофиқ, “Dori-Darmon” АК устав капиталидаги компания депо ҳисобварағида жойлаштирилмаган 34,9 фоиз ва давлатга тегишли 16,1 фоиз акциялар пакетини яхлит ҳолда 51 фоиз миқдорида битта лот сифатида савдога чиқарилиши белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида компания номидан
жойлаштирилмаган акциялар пакетини сотиш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига ишончномалар берилди (22.09.2022 йил 11-13/1038-сон ва 30.12.2022 йил 11-13/1438).

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жалб этилган “Portfolio Investments ва Gemstone Capital” консорциуми (профессионал консултант) ҳамда халқаро нуфузга эга “Price waterhouse cooper (PwC)” профессионал баҳоловчи компаниялари билан биргаликда компаниянинг сотилиши белгиланган 51 фоиз акциялар улушининг бозор қийматини ҳамда ушбу акцияларни сотиб олишга қизиқиш билдирган потенциал инвесторларни аниқлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech