12:37 (24.08.2023)

1151

ЖССТ ҳар йили қанча одам овқатдан заҳарланишини эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ҳaр йили 600 миллион одaм овқaтдaн зaҳaрлaнaди. Бу сайёрамизнинг деярли ҳар 10 аҳолисидан бири, дегани. Айни шу сабаб билан йилига 420 минг киши вафот этаётгани ҳам рақамларда кўрсатилган.

Кўпчилигимиз учун овқатдан заҳарланиш тезда ўтиб кетадиган, енгил ҳолатдек кўринади. Аммо дунё бўйича аниқланган рақамлар буни кўрсатмаяпти.

Одатда, овқатдан заҳарланиш микроорганизмлар ёки кимёвий моддалар билан ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш оқибатида юзага келади. Ва ушбу ҳолатнинг 40 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларга тўғри келар экан. Ҳар йили 125 минг бола ана шу касалликдан вафот этмоқда.

Гап шундаки, касаллик келтириб чиқарадиган бактериялар, вируслар, паразитлар ёки зарарли кимёвий моддаларни ўз ичига олган хавфли озиқ-овқатлар диареядан саратонгача бўлган 200 дан ортиқ хасталикларга сабаб бўлади. Албатта, булар орасида диарея овқатдан заҳарланишнинг энг кенг тарқалган кўриниши бўлиб, ушбу касаллик дунё бўйича беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг иккинчи асосий сабаби ҳисобланади.

Демак, вазият анча жиддий. Шундай экан бунга беъэтибор бўлмаган маъқул. Хўш, озиқ-овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш учун уй шароитида нималарга эътибор бериш керак? Бу борада мутахассислар бир қанча тавсияларни беради. Жумладан,

  • маҳсулотлар, айниқса, тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотларни сақлаш муддатига аҳамият беринг;
  • гўшт, балиқ, ярим тайёр маҳсулотлар, салатларни музлатгичда сақланг;
  • хом ва пишган гўшт, балиқларни қайта ишлашда алоҳида кесиш тахталаридан фойдаланинг;
  • хом маҳсулотларни тўғраб бўлгач, пичоқларни яхшилаб ювинг;
  • сабзавот, мева ва резаворларни яхшилаб оқар сувда ювиб, сўнг қайноқ сувда чайинг;
  • ошхона ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг.
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech