09:03 (02.08.2024)

734

ЮНИСЕФ ва ЖССТ: 12 йилда она сути билан озиқланадиган чақалоқлар сони 10 фоизга кўпайди

Бугундан дунё бўйлаб Бутунжаҳон она сути билан озиқлантириш ҳафталиги бошланди. Шу муносабат билан ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қўшма ҳисоботи эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, сўнгги 12 йил ичида бу борада ижобий ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, ана шу даврда сайёрамиз бўйича она сути билан озиқланадиган олти ойликкача бўлган чақалоқлар сони 10 фоизга кўпайгани қувонарли.

Бу, жаҳонда 48 фоиз гўдаклар соғлом ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўлганини англатади. Ушбу статистика ЖССТнинг 2025 йилда кўкрак сути билан парваришланадиган болалар сонини 50 фоиздан оширишга доир глобал мақсадларига яқин.

Бироқ ҳали мазкур йўналишда ўз ечимини кутаётган муаммоли масалалар бор. Ваҳоланки, чақалоқларни она сути билан озиқлантириш даражасини яхшилаш орқали йилига 820 минг нафардан зиёд боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

Чунки кўкрак сути таркибидаги антитаналар гўдакни турли касалликлар, айниқса хавфли патологиялардан ҳимоялайди. Соғлом ўсиши ва ривожланишини таъминлайди. Ўз навбатида, оналарнинг саратон ва баъзи юқумли бўлмаган хасталикларга чалиниш хавфини камайтиради.

Бироқ кўп аёллар фарзандларини кўкрак сути билан озиқлантириш борасида малакали тиббий маслаҳат олиш имкониятига эга эмас. Баъзилари эмизишнинг чақалоқ ва она саломатлиги учун нақадар муҳимлигидан бехабар.

Айрим мамлакатларда сунъий озуқаларни реклама ва тарғиб қилишга доир етарли чекловлар ўрнатилмаган. Она сути билан парваришлашни қўллаб-қувватлаш механизмлари ишлаб чиқилмаган. Бу борада доимий мониторинг дастурлари мавжуд эмас.

Меҳнат қонунчилигида белгиланган — ходимга эмизиш бўйича танаффуслар бериш каби нормаларга риоя этилиши назорат қилинмайди.

Бутунжаҳон она сути билан озиқлантириш ҳафталиги давомида 7 августга қадар ушбу масалалар ҳам муҳокамалар марказда бўлиши кутилмоқда. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech