09:44 (30.09.2024)

229

2050 йилга бориб 740 миллиондан ортиқ ўсмир узоқни кўра олмай қолади

Хитойлик олимлар томонидан олиб борилган кенг кўламли тадқиқот натижалари British Journal of Ophthalmology журналида чоп этилди. 2050 йилга келиб, миопия билан оғриган болалар ва ўсмирлар сони 740 миллион кишидан ошиши мумкин: аллақачон бутун дунё бўйлаб болалар ва ўсмирларнинг учдан биридан кўпроғи миопиядан азият чекмоқда.

Гуанчжоу шаҳридаги Чжуншань университети мутахассислари томонидан ўтказилган таҳлилга кўра, 1990 йилдан бери миопиянинг тарқалиши сезиларли даражада ошгани: 1990-2000 йилларда болалар ва ўсмирларнинг 24 фоизида миопия қайд этилган бўлса, 2020–2023 йилларга келиб бу кўрсаткич 36 фоизга ошган. Олимларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб 5 ёшдан 19 ёшгача бўлганларнинг тахминан 40 фоизида миопия ташхиси қўйилади.

Хулосалар Европа, Aмерика, Осиё, Aфрика ва Океания каби 50 та мамлакатдан 5 миллиондан ортиқ болалар ва ўсмирлар қамраб олинган 276 та тадқиқот маълумотларига асосланган. Бу мамлакатларда қарийб 2 миллион миопия ҳолати қайд этилган.

Шу билан бирга, қизлар ва ёш аёлларда миопия тарқалиши ўғил болаларга қараганда юқори бўлиши тахмин қилинмоқда ва болаларга нисбатан 13-19 ёшлилар орасида кўпроқ учраши кутилмоқда. Тадқиқотчилар гендер фарқларини қизларнинг ўғил болаларга қараганда эрта балоғатга етиши ва очиқ ҳавода камроқ вақт ўтказиши, кўпроқ ўқиши ва ўқув материалларидан яқин масофада фойдаланишга мойиллиги билан изоҳланиши мумкинлигини тахмин қилишди.

Бундан ташқари, олимлар коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштириши мумкинлигини, ўсмирлар пандемия даврида вақтини кўпроқ компьютер экранлари ва гаджетлар олдида ўтказишганини айтиб ўтишди.

Олимлар табиатда кўпроқ вақт ўтказиш, спорт билан шуғулланиш ва экран олдида бўлиш вақтини қисқартиришга ҳаракат қилишни тавсия қилмоқда. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech