09:00 (21.03.2023)
2481
Табиат уйғониб, кўнгиллар яйрамоқда. Борлиққа сепини ёйиб, кўрку тароватини кўз-кўз этаётган баҳор қалбларга Наврўз шукуҳи билан кириб келмоқда.
Дарҳақиқат, кўклам тароватини қалбларимизга янада чуқурроқ кириб боришида Наврўзнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни, халқимизнинг минг йиллар давомида сақланиб келаётган қадимий урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Унинг бетакрор тароватидан диллар қувнайди. Ён-атрофдаги уйғониш ва покланишни кўрган инсон борки, яшаш ва яшаришга илҳомланади, қалбларда эса фақатгина беғубор туйғулар жўш уради.
Баҳор ва Наврўзга бежизга уйғониш фасли, яшариш айёми дея таъриф берилмайди. Боиси улар нафақат борлиққа, балки инсониятга ҳам умрнинг бетакрорлигини, жозибали эканини англатиб туради.
Эътиборли жиҳати, Наврўз бирор миллат ёки давлатнинг эмас, балки инсониятнинг байрами сифатида эътироф этилган. 2009 йил 30 сентябрда ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. 2010 йил 19 февралда БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 мартни халқаро Наврўз куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бебаҳо қадриятлар, гўзал удумлар, урф-одатлар ва маросимларни намоён этишга чорловчи Наврўз барчамиз учун қадрли ва севимли.
Хуш келдинг, нафақат борлиқни, балки қалбларни ҳам яшнатиб, гўзалликка тўлдирган яшариш айёми, кўнгилларнинг баҳори – Наврўз!
Ҳидоят САТТАРОВА,
Бошқарув раиси маслаҳатчиси