17:00 (29.09.2023)
1029
Коррупция иллати демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди.
Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.
Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади.
Коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этади, чунки коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақидаги тасаввур ва тушунчаларнинг уйғониши унга қарши курашда самара бермай қолмайди.
“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг “Комплаенс-назорати” хизмати томонидан “Андижон Дори-Дармон”, “Тошкент вилоят Дори-Дармон” акциядорлик жамиятлари ҳамда “Хоразм Дори-Дармон” масъулияти чекланган жамиятида коррупцияни олдини олиш борасида профилактик тадбир ўтказилди. Унда ташкилот раҳбарлари, дорихона мудирлари ва бошқа масъул ходимлар иштирок этишди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида”ги тақдимномаcи барча ходимларга етказилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, қонунчилик, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартиб қоидаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилди. Коррупциявий ҳолатларда қонунчилигимизда белгиланган жазо турлари ҳақида кенг маълумотлар берилди. Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.