17:25 (25.09.2023)
1010
Коррупция давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига шикаст етказувчи ва иқтисодиётнинг, давлат бошқаруви ва умуман жамиятнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли ижтимоий ҳодиса саналади.
“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг “Комплаенс-назорати” хизмати томонидан “Фарғона Дори-Дармон” акциядорлик жамиятида коррупцияни олдини олиш, соҳага доир қонун ҳужжатларига амал қилиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш бўйича тарғибот тадбири ўтказилди. Унда ташкилот раҳбарлари, дорихона мудирлари, масъул ходимлар иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида”ги тақдимномаcи мазмуни “Комплаенс-назорати” хизмати бошлиғи Ж.Қаюмов томонидан барча ходимларга етказилди.
Коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Йиғилишда коррупция тизимнинг обрўсига жиддий путур етказиши, ушбу ҳолатларнинг олдини олишда барча ходимлар бирдек масъул эканлиги айтиб ўтилди. Бундай ноқонуний ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик муқаррар эканлиги мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, қонунчилик, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартиб қоидаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, агар компания тизимида қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз, “Дори-Дармон” АКнинг 78-120-16-61 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз ёки телеграм мессенжеридаги алоқа канали @doridarmonbilan_bot орқали мурожаат этишингиз мумкин.