11:52 (09.08.2024)
943
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва ДХХ ходимлари томонидан 1994 ҳамда 1997 йилда туғилган икки нафар шахс йирик миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қадоқлаб, сўнг Тошкент шаҳрида «закладка» усулида тарқатиш билан шуғулланаётганлиги тўғрисида тезкор маълумот олинди.
Маълумот асосида ушбу икки нафар шахслар Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, уларнинг ёнида 300 дона Прегабалин ва 8 дона Тропикамид кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
Тадбир давом эттирилиб, қўлга олинган шахслардан бирининг яшаш манзилидан тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган ва қадоқлаш учун сақлаб келинаётган дори воситалари, флаконлар, бўш капсулалар, электрон тарозилар ҳамда дори воситаларини қадоқлаш мақсадида турли аралаштириш мосламалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек қўлга олинган шахсга тегишли «Спарк» русумли, автомашина юкхонасида:
- 12 дона кир ювиш кукуни қадоғига яширилган 36 килограмм ва елим идишда 1,5 килограмм Прегабалин;
- 2 700 дона қадоқланган Прегабалин дори воситалари ва бўш капсулалари борлиги аниқланди.
Ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида чакана нархи 35 млрд 692 млн сўмлик жами 42 кг 806 грамм кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.