11:43 (16.11.2023)
1174
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–878-сон, 15.11.2023 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, санитария қонунчиликни, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузиш:
• фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (илгари БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача эди);
• мансабдор шахсларга 15 бараваридан 20 бараваригача (илгари 5 бараваридан 10 бараваригача эди) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ:
• қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун 1 йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун асос бўлади.
Шунингдек, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги ҳолларда ҳам бекор қилиниши белгиланди:
• лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (1 йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилганда;
• лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари 1 маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса.
Ушбу ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун 1 йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.