09:00 (28.08.2024)
679
Олимлар инсоннинг турли органларида, масалан, ўпка, жигар ва буйракларда микропластмассалар мавжудлигини узоқ вақтдан бери ҳужжатлаштириб келишган. Энди мияда пластик топилди. Мия намуналари оғирлигининг тахминан 0,5 фоизини пластик заррачалар ташкил этади, деб ёзади The Guardian.
Микропластмассалар диаметри 5 мм дан кам бўлган парчалар бўлиб, улар танага ҳаво, сув ва озиқ-овқат орқали кира олади. Тадқиқотчилар миядаги пластмасса концентрацияси бошқа органларга қараганда анча юқори эканлигини таъкидлашади. Мисол учун, яқинда ўтказилган бир тадқиқот шуни кўрсатдики, миядаги пластмасса миқдори жигар ва буйраклардагига қараганда 10-20 баравар юқори. Шунингдек, тадқиқот 2016 йилдан 2024 йилгача миядаги пластмасса миқдори 50 фоизга ошганини тасдиқлади.
Пластмассанинг майда зарралари нафақат мияда, балки инсоннинг бошқа органларида ҳам учрайди. Ўрганилган 16 та суяк илиги намуналарида ҳам микропластмассалар аниқланган. Ушбу намуналарнинг аксариятида қадоқлаш ва маиший маҳсулотларда кенг қўлланиладиган полистирол ва полиэтилен мавжуд.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, микропластмассалар қон ва плацентада мавжуд. Toxicological Sciences журналида чоп тадқиқот натижаларига кўра, 62 та плацента намуналарида микро ва нанопластиклар топилган. Бунинг қўрқинчли томони шундаки, онадан ҳомилага микропласмассанинг ўтиши мумкинлигини кўрсатади, бу келажак авлодлар саломатлиги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Танадаги микропластмассалар юрак-қон томир касалликлари ва ҳомиладор бўлиш билан боғлик муаммоларга олиб келиши мумкин. Олимлар озиқ-овқат ва сувдаги микроптластмассалар миқдори учун стандартларни белгилашни талаб қилмоқдалар. Улар чора кўрилмаса, муаммо янада оғирлашиб, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилишидан огоҳлантирди.
Илгари олимлар пластик бутилкалардан сув ичиш қон босимини ошириши мумкинлигини аниқлаган эди. Пластик бутилкалардаги суюқликлар орқали қон оқимига кирадиган микропластмассалар юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.