08:56 (17.08.2023)
1759
Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва Туркий дунё тиббиёт конгресси бўлиб ўтмоқда.
Унда ташкилотга аъзо соғлиқни сақлаш вазирларидан ташқари Татаристон соғлиқни сақлаш вазири ҳам иштирок этмоқда. Конгресс очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Қувончбек Омуралиев, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов сўзга чиқиб, меҳмонларни қутлади.
Тадбирдан кўзланган мақсад туркий халқлар табобатининг ноёб мероси, бой тажрибаси ва тарихий анъаналарини ўрганиш баробарида, замонавий ва инновацион тиббиёт ютуқларидан биргаликда фойдаланиш ҳамда уларни кенг оммалаштиришдир.
Тадбир давомида нуфузли меҳмонлар “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирнинг тантанали қисмидан сўнг галдаги нуфузли тадбир Ўзбекистон — Туркия тиббиёт форуми бўлди.
Тадбирда ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари, тизим масъуллари, тиббиёт олий ўқув юртлари, етакчи даволаш-профилактика муассасалари, хусусий клиникалар, фармацевтика компаниялари раҳбарлари, соҳа олимлари, қолаверса ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форум якунида икки давлат тиббиёт муассасалари, соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари ва уларнинг клиникалари, хусусий сектор корхоналари ва фармацевцика компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилиб, меморандум ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Халқаро тадбир доирасида тиббиёт кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчи мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари замонавий тиббий технологиялар ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари билан мулоқот қилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон — Туркия тиббиёт форуми доирасида икки томонлама B2B форматдаги музокаралар бўлиб ўтди. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш вазирларининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Халқаро тадбир бугун ҳам ўз ишини давом эттиради.