11:09 (25.03.2023)
2623
Ўзбекистон Cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турибди.
Хусусан, вакилларимиз Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко билан учрашди. Мулоқотда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда томонлар янги қўшма таълим дастурларини рўёбга чиқариш, кадрлар малакасини ошириш, педиатрия, онкология, гематология, онкогематология, хирургия, трансплантология йўналишлари бўйича Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан илмий педагогик кадрлар тайёрлаш, мақсадли докторантура ва аспирантурани йўлга қўйишга келишиб олди.
Ўз навбатида, фармацевтика соҳасини ривожлантириш, арзон ва сифатли дори-дармонлар ишлаб чиқариш, болаларда суяк илиги трансплантациясини жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Якунда шу йил июнь ойида мамлакатимизда "Ўзбекистон — Россия" тиббиёт форумининг ўтказилиши белгиланди. Мазкур форум доирасида соғлиқни сақлаш бўйича икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.