12:15 (14.08.2023)
2166
Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижаси ўлароқ, Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган “С” гепатитига қарши “Даклатасвир” дори воситаларининг навбатдаги туркумини мамлакатимизга юборишга келишилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Куни кеча «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан ажратилган инсонпарварлик кўмагининг ўн учинчи туркумини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди. Жами 80 дона қутида 1280 та “Daclatasvir-60 mg” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Қайд этиш жоизки, Миср “В” ва “С” гепатити вирусларига қарши курашда дунё миқиёсида сезиларли муваффақиятларга эришган. Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай фориғ этилган бўлиб, Миср олимлари томонидан яратилган махсус диагностика аппаратлари ва уларнинг тажрибасини ҳам ўзбек мутахассислари билан ўртоқлашишга тайёр.