11:10 (11.05.2023)
2799
Тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан фойдаланиши ҳамда мижозларга тақдим қилинган харид чекида товарлар номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.
Тўлов терминал орқали ёки нақд пулда амалга оширилишидан қатъий назар харидорга фискал чек берилиши лозим.
Назорат-касса техникасини қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, харидорга чек бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик солиқ ҳуқуқбузарлиги саналади ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Яъни, бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик —беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаган ёки сотиб олувчига квитанциялар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни берган ҳолда савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, — етти миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бошқа шахслар номига расмийлаштирилган ҳисоб-китоб терминалларидан солиқ тўловчи томонидан фойдаланилиши, — йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Техник талабларга мувофиқ бўлмаган ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса техникаларидан фойдаланганлик, — йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.