12:00 (03.10.2024)
500
Кўпчилик витаминларнинг фойдалари ҳақида болаликдан эшитган. Сиз витаминларни қабул қилишингиз керак — бу ибора одамларнинг онгида "витаминлар" деб ёзилган ҳар қандай қутилар таърифи бўйича фойдали деган фикрни шакллантирди. Бироқ, бу тўғри эмас.
Шифокорлар қайси озуқавий қўшимчалар фойдасиз эканлиги ҳақида гапирди.
Мультивитамин комплекслар (Поливитаминлар)
Кўпинча қўшимчаларга бўлган эҳтиёж аввалдан нотўғри баҳоланади. Ортиқча витаминлар эса уларнинг етишмаслигидан ҳам кўпроқ зарарли бўлиши мумкин. Америкалик тадқиқотчилар мультивитамин комплекслар танага деярли ҳеч қандай фойда келтирмаслигини айтмоқда. Доктор Девид Женкинс тадқиқот натижаларига кўра, поливитаминлар ўрнига мувозанатли овқатланиш тартибини татбиқ этиш кўпроқ самара беради. Бунинг учун кундалик таомномага турли сабзавот, мева ва ёнғоқларни киритиш кифоя.
“Токсинларни чиқариб ташлаш” учун БФҚ
Сўнгги йилларда “детокс” ёки “танани токсинлардан тозалаш” каби иборалар трендга чиқди. Биологик фаол қўшимчалар бозори эса организмни тозалашга ёрдам берадиган турли хилдаги таблеткаларни таклиф қила бошлади. Бироқ токсиколог Райан Марино фикрига кўра, буларнинг бари бизнес ва пулларни беҳуда сарфлашдир. Чунки соғлом инсон танаси ортиқча нарсаларни ўз-ўзидан тозалашга қодир.
Таблетка шаклидаги Д витамини
D витаминининг меъёридан ортиқ дозаси даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун уни шифокор тавсиясисиз ўзбошимчалик билан қабул қилмаслик лозим.Тиббиёт фанлари доктори Муҳаммад Амернинг сўзларига кўра, D витаминини таблеткаларда қабул қилиш ҳеч қандай фойда келтирмайди, аксинча ортиқча дозаси оғир заҳарланишга олиб келиши мумкин.
Омега-3
Омега-3 қўшимчаси сўнгги вақтларда жуда кўп реклама қилинган препаратлардан биридир. Аммо бундай капсулалардаги ёғнинг табиий аминокислоталар ўрнини босиши ҳақида ҳеч қандай илмий исбот ва далиллар мавжуд эмас. Гарвард мактабининг тиббиёт фанлари профессори Питер Коэннинг айтишича, омега-3 ўрнига ёғли балиқ истеъмол қилиш фойдалироқдир.
Витамин C таблеткалари
С витаминини биологик фаол қўшимча кўринишида сотиб олишдан кўра, озиқ-овқат орқали қабул қилиш яхшироқдир, зеро бундай капсулалардан фойда йўқ. Диетолог Бетан Таернинг айтишича, цитрус мевалари, карам, булғор қалампири, помидор ва кўкатларни истеъмол қилиш орқали C витаминига бўлган эҳтиёжни тўлдириш мумкин.