12:06 (04.07.2023)
2251
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Б. “Lacetti” русумли автотранспорт воситасида 601 дона оқ-кўк рангли капсула ва 4 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўтказиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Андижон шаҳар 4-кичик даҳа ҳудудида ўзларини шубҳали тутган фуқаролар О.Т. ва М.Ж. 14 дона “Тропикамид” ва 55 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўтказиш мақсадида олиб келганликлари аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.