11:50 (29.08.2024)
660
Қон айланиши юрак қисқариши туфайли қоннинг организмда махсус система орқали ҳаракатланишидир. У организм тўқималари билан ташқи муҳит орасидаги моддалар алмашинуви турғунлигини таъминлайди ва ҳужайраларга кислород, сув, оқсил, углеводлар, ёғ, минерал моддалар, витаминларни олиб келади.
Бэйлор тиббиёт олийгоҳи (АҚШ)даги тиббиёт доценти Веенадхари Ван Medical Xpress нашрига берган интервьюсида қон айланиш тизими ишдан чиқишининг турли белгилари ҳақида маълумот берди. Шифокорнинг сўзларига кўра, қон айланишининг ёмонлашганида энг кўп учрайдиган белгиларга сабабсиз титроқ, бутун тананинг санчиб оғриши ҳамда қўл ва оёқ учларининг увишиши киради. Баъзан оғриқ кучайиб кетиши ва асосан оёқ бармоқлари ва товон қисмида намоён бўлиши мумкин.
Қон айланиш тизими бузилганда узоқ вақт пиёда юргандан сўнг сон ва болдир қисмларида ҳам оғриқлар пайдо бўлади. Ушбу патологиянинг бошқа белгиларига яра ва жароҳатларнинг секин битиши ҳамда доимий рангпарлик кабилар киради. Организм ҳаётий муҳим бўлган органларга қон оқимини етказиб беришга ҳаракат қилади, шунинг учун қон айланиши билан боғлиқ муаммоларнинг белгилари биринчи навбатда қўл ва оёқ учларида сезилади.
Шифокор Веенадхари Ван таъкидлашича, қон айланишининг ёмонлашишига кўплаб экологик ва генетик омиллар ҳамда нотўғри турмуш тарзини олиб бориш ҳам олиб келади. Қандли диабет билан оғриган беморлар, чекувчилар ва эркакларда қон айланиш тизимининг бузилиш хавфи юқоридир.
Ўз вақтида даволанмаган касаллик юрак ва жигар каби муҳим ички органлар фаолиятининг бузилишига олиб келади ва турли патологияларни келтириб чиқаради.