13:08 (25.03.2023)
2343
Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов ЎзА мухбири билан суҳбатда институт олимлари томонидан 2022 йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситаси ҳақида гапириб берди.
- Бу препарат саратон касаллигини даволашда ниҳоятда самарадор бўлган янги дори воситаси ҳисобланади. Бу дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотиляпти. Бизнинг институтимиз ушбу дорини республикамиздаги 3 та онкологик клиникаларга 1,5 минг АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйди.
Бу дори 2018 йилдан бошлаб бир нечта чет давлатларда, ҳар бири ўзлари яратган технология бўйича ишлаб чиқарилиб, тиббиётда қўлланилиб келинмоқда. Биз ўзимизда яратилган янги технология бўйича мазкур дорини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда биз ишлаб чиқараётган “литеций-177” номли изотопимиз дунёдаги бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотидан 10 баробар тоза ҳамда юқори сифатли радиоизотоп ҳисобланади.
Оддий қилиб айтганда дунёда бор дори воситасини такомиллаштириб, ўзимиз яратган технология бўйича унга нисбатан сифатли ва арзон маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бизнинг маҳсулот Америка Қўшма Штатлари, Германия, Россиядаги маҳсулотларга нисбатан 10 баробар тоза бўлиши билан бирга, 15-50 мартагача арзон.
Суратда - бутун танаси рак метастазалари билан қопланган 4 та бемор (чап томонда) ва лютеций-177 ПСМА-617 препарати билан 2-3 ой мобайнида даволангандан сўнг (ўнг томонда).
Таркиби “лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” деган оқсил моддасидан иборат. Ушбу оқсил моддаси “лютеций-177” радиоизотопини организмнинг саратон метастазалари бўлган жойларига етказиб берувчи транспорт воситаси вазифасини бажаради. “Лютеций-177” радиоактив изотопи саратон ўсмалари ичига кириб, ўзининг радиоактив нурлари билан ўсмаларни куйдиради. Бу нурларнинг ўтиш масофаси 1-2 миллиметрни ташкил қилгани сабабли улар ўсмани ичидан емириб, атрофидаги соғлом тўқималарга зарарли таъсир кўрсатмайди. Бу билан ўсмаларни операциясиз даволаш имкони туғилади.
Ҳозирги кунда бу дори 4-босқичдаги рак касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаяпти. Жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга “фантастик натижа”, деб баҳо беришяпти. Бу дори воситаси институтнинг шўъба корхонаси бўлган “Радиопрепарат” давлат корхонаси ва Радиокимё илмий лабораторияси олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар маҳсули ҳисобланади.
Маълум бўлишича, лютетсийц-177 PSMA-617 дори воситаси асосан катта ёшдаги эркаклардаги простата бези ракини даволашда самарали ҳисобланади.
«Бу дори воситаси радиоактив модда бўлиб, у дорихоналарда сотилмайди. Бу фақат шифохона ва клиникаларга етказиб берилади», дейилади Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабарида.
Даволаш фақатгина касалхона шароитида, махсус гамма камералар билан кузатув остида олиб борилади.