08:55 (24.08.2023)
1585
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи арафасида Боку шаҳрида икки мамлакатнинг 250 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Форумда энергетика, металлургия, шаҳарсозлик, фармацевтика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, нефть ва газ саноати ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди. Ўзбекистон-Озарбайжон инвестициявий компанияси кўмагида металл буюмлар, фармацевтика маҳсулотлари, маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
2022 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 2,5 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари Озарбайжонга экспорт қилинган бўлса, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 128 фоизга ошган. 2024 йилда экспорт ҳажмини 4 миллион долларга етказиш кутилмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Ўзбекистон) ва Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги (Озарбайжон) билан фармацевтика соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф қилинди.
Шу мақсадда, Озарбайжон Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги — АЗПРОМО икки давлат тадбиркорларини жалб қилган ҳолда Озарбайжонда инсулин, антибиотиклар, юқори технологияли тиббий техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.
Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми икки давлат ўртасида манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги ушбу ташаббус ва натижалар шубҳасиз, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида фармацевтика соҳасини ривожлантиришда муҳим омил бўлади.