11:49 (07.08.2024)
830
АҚШнинг Орегон штати Саломатлик ва фан университети олимлари Алцгеймер касаллигига генетик мойиллиги бўлган кекса ёшдаги одамлар учун балиқ ёғли қўшимчаларнинг потенциал фойдасини кўрсатадиган клиник тадқиқот ўтказдилар.
Бу ҳақда JAMA Network Open журналида эълон қилинган мақолада хабар берилган.
Мутахассислар балиқ ёғи таркибидаги омега-3 ёғ кислоталарининг кексалардаги когнитив функцияларга таъсирини ўрганишди. Тадқиқотнинг барча иштирокчилари учун сезиларли фойда аниқланмаган бўлса-да, Алцгеймер касаллиги ривожланиш хавфининг ошиши билан боғлиқ бўлган APOE4 генининг ташувчиларида миядаги нерв ҳужайралари нобуд бўлишининг камайиши кузатилди.
Тадқиқотда қонда омега-3 ёғ кислоталари даражаси паст бўлган 75 ёш ва ундан катта бўлган 102 киши иштирок этди. Иштирокчилар уч йиллик тадқиқот бошида ва охирида қон томирлари орқали озуқа моддаларининг етказиб берилиши учун масъул бўлган мия оқ моддасидаги ўзгаришларни баҳолаш учун магнит-резонанс томографиядан (МРТ) ўтказилди.
Иштирокчиларнинг ярми омега-3 билан бойитилган балиқ ёғи қўшимчасини, қолган ярми эса соя мойи асосидаги плацебо қабул қилди. Натижалар биринчи гуруҳда оқ модданинг зарарланиши зўрайишининг бироз пасайишини кўрсатди, аммо бу фарқ статистик аҳамиятга эга эмас эди.
Бироқ, балиқ ёғини қабул қилган APOE4 гени ташувчиларида тадқиқотчилар даволаниш бошланганидан бир йил ўтгач, мия ҳужайралари бутунлиги бузилишининг сезиларли пасайишини қайд этишди, бу эса бундай қўшимчаларнинг ушбу одамлар гуруҳи учун фойдали бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, натижаларни тасдиқлаш учун аҳолининг турли гуруҳлари иштирокида кенгроқ тадқиқотлар ўтказиш зарур. Шунга қарамай, ушбу маълумотлар Алцгеймер касаллигининг олдини олиш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.