17:18 (30.06.2023)
2585
Ўтган йили Ўзбекистонда 20 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” йўтал сиропини ишлаб чиқарган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси дори воситалари учун саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Marion Biotech сироп тайёрлашда фойдаланилган пропилен гликол моддасини Maya Chemtech India савдо белгисидан сотиб олган. Аммо Maya Chemtech фармацевтика учун мўлжалланган маҳсулотларни сотиш учун лицензияга эга бўлмай, аскинча, фақат саноат тоифаси билан шуғулланган.
"Биз Marion ундан йўтал сиропи тайёрлаш учун фойдаланишини билмасдик. Бизга маҳсулотимиз қаерда ишлатилиши айтилмаган", дейди терговда шахсини ошкор қилишни истамаган одам.
Манбаларда қайд этилишича, Marion Biotech ювиш воситалари, антифризлар, бўёқлар ёки қопламаларда кенг қўлланиладиган ва пестицидларнинг самарадорлигини ошириш учун саноат даражасида ишлатиладиган пропилен гликолдан дори тайёрлаш учун фойдаланган. Саноат даражасидаги пропилен гликол токсик материал ҳисобланади.
Шунингдек, компания Ўзбекистонда сотилган сиропларининг ингридиентларини қўллашдан олдин текшириб кўрмагани маълум қилинган.
Маълумот учун, Ҳиндистоннинг дори воситалари ва косметика қоидаларига кўра, ишлаб чиқарувчилар ўзлари фойдаланадиган ингредиентларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар саналади.
Marion Biotech'га саноат даражасидаги моддани сотган Maya Chemtech'га нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Аммо тергов ҳаракатлари давом (https://qalampir.uz/news/dok-1-maks-fozhiasining-siri-fosh-etildi-85123) эттирилмоқда.