09:22 (03.07.2023)

2309

Самарқандда Хитой давлати билан ҳамкорликда қон препаратлари ишлаб чиқарилади

Кейинги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.

Биргина мисол. Бугун битта жигар трансплантацияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Шунинг ўзиёқ қоннинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Шу жиҳатдан олганда гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур қон компонентлари ва дори воситалари билан таъминлаш, ушбу касалликлар профилактикасини кучайтириш долзарб масалалардан бири.

Соғлиқни сақалаш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Хитойнинг “Xindeyuan Bioengineering” компанияси вакиллари билан айни шу масалада музокара ўтказилди.

Унда Самарқанд вилояти “Ургут” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 250 миллион долларлик инвестициявий лойиҳани амалга ошириш борасида муҳим келишувга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ юртимизда гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш учун 128 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу йўналишларда қўлланиладиган 67 турдаги дори воситалари ва реагентлар мамлакатимизга асосан четдан келтирилмоқда.

Самарқандда 15 гектар майдонда қад ростлайдиган қон препаратлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган фармацевтика заводи аҳолининг бундай препаратларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали импорт ҳажмини камайишига хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech