10:46 (26.09.2023)
1264
ССВ ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси томонидан “Aнтиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “SAMO” МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.
Текширув давомида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, Зарур ишлаб чиқариш амалиёти, Зарур дистрибьюторлик амалиёти, Зарур сақлаш амалиёти давлат стандартларига, дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва улгуржи реализация қилиш доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиш ва корхона томонидан мажбурий риоя қилиш шарт бўлган лицензия талаб ва шартлари бўйича ҳолатлар ўрганилмоқда.
Шунингдек, Марказнинг аккредитациядан ўтган лабораториялари томонидан “Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти”га мувофиқ, “Aнтиструмин” дори воситасининг хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича ўрнатилган тартибда таҳлил жараёнлари кетмоқда.
Аввалроқ, Наманган вилоятида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани маълум бўлгач, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан «Антиструмин» №100 таблеткаларидан фойдаланишга чеклов жорий қилган эди. Андижон вилояти ҳокимлиги «Антиструмин» препаратини қабул қилган 12 нафар бола касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди.