09:06 (23.03.2023)
2533
Россия ва Миср олимлари ўзаро ҳамкорликда саратон касаллигига қарши дори воситаларини яратиш жараёнини осонлаштириш ва тезлаштириш йўлини топди.
Бунинг учун икки ёндашув — молекуляр моделлаштириш ҳамда ҳужайраларни ўстириш усуллари умумлаштирилди. Чунки ҳозиргача маълум усулда онкологик хасталикларга қарши самарали препарат яратиш учун полимер нанозаррачаларини олишга қаратилган оптимал бирикма ва технологияни танлаш керак.
Негаки, ушбу ўта митти зарралар дориларнинг саратон ўсимтасига тезроқ ва яхшироқ этиб боришига ёрдам беради. Аммо бу усул узоқ вақт талаб этишидан ташқари, жуда қимматга тушади.
Шу маънода, икки ёндашув комбинацияси дори воситалари хусусиятлари ва таъсирини эксперементдан аввал тахмин қилиш имконини беради. Шу тариқа оптимал таркиб шакллантирилиб, самарасиз деб баҳоланган бирикмалар ундан чиқариб ташланади. Бу эса касалликни тезроқ ва арзонроқ даволаш имконини берувчи дориларни яратишга хизмат қилади.
Тадқиқот чоғида янги усул саратонга қарши препарат — карбоплатин ва унинг муқобилларида синаб кўрилди. Олимлар бу дорининг янги ҳосилаларини таҳлил қилиб, уларнинг биологик фаоллигини баҳолади.
Якунда полимер нанозарралари таркибидаги янги ҳосилалар саратон касаллигини даволашда юқори натижа бериши маълум бўлди.