12:00 (22.08.2024)
694
Маймун чечаги – вирусли инфекция бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ҳамда терида ўзига хос тошмалар тошиши билан кечади.
“Маймун чечаги” касаллиги республикамиз ҳудудига кириб келиши эҳтимоли жуда кам. Негаки “маймун чечаги” касаллиги қайд қилинаётган Европа мамлакатларида беморлар ва мулоқотда бўлганларга нисбатан алоҳидалаш чоралари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса тўлиқ самара бермоқда.
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 1980 йилдан аввал туғилган катта ёшдагилар чечак (халқ тилида чин чечак) касаллигига қарши тўлиқ эмланган. Айнан шу қатламда жамоавий иммунитет мавжуд, боиси чин чечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймун чечагига қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради.
Касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида:
- маймун чечаги касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш давлатларга сафарларни чеклаш;
- иш юзасидан хизмат сафарига борилган тақдирда, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчилар (маймунлар, каламушлар) билан мулоқотда бўлмаслик;
- жамоат жойларига чиқишда шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш;
- тана ҳарорати кўтарилган ёки тошмалар тошган йўловчилар билан бирга ҳаракатланишга тўғри келганда имкон қадар санитария-муҳофаза (ижтимоий) масофани сақлаш, тиббий ниқоблардан фойдаланиш, қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан ишлов бериш;
- жамоат транспортларида тиббий ниқоблардан фойдаланиш, транспортдан тушгандан сўнг қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан тозалаш тавсия этилади.