17:50 (15.09.2023)

1146

Шифокор ва фармацевтларга малака тоифасини бериш аттестациялари онлайн шаклда ўтказилади

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 5 сентябрдаги тегишли буйруғи билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ҳузуридаги врачлар ва фармацевтларга малака тоифасини бериш бўйича аппеляция комиссияси ва жами 39 та тиббий йўналишдаги ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари таркиби тасдиқланди.

Ушбу аттестацияларни ZOOM дастури орқали онлайн шаклда ўтказиш тартиблари ҳам ишлаб чиқилди.  

Мазкур янги тартиб шу йил сентябрь ойидан бошлаб синов тариқасида врач ва фармацевтларга, 2024 йил 1 январдан бошлаб эса барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларига босқичма-босқич татбиқ этилади.  

ZOOM дастури орқали оғзаки имтиҳон (суҳбат) ўтказиш Тошкент шаҳри ва вилояти учун Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази биносида зарур қурилмалар билан жиҳозланган хоналарда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мутахассислар учун марказнинг ҳудудлардаги ана шундай хоналарида ўтказилади.  

Имтиҳон жараёнида талабгор учун “Random“ дастури орқали тасодифий тарзда билет танланади.  

Билетлар 5 та саволдан иборат бўлиб, уларга жавоб бериш учун кўпи билан 15 дақиқа вақт берилади ва 10 баллик тизимда баҳоланади.  

Имтиҳон якунида “Random“ дастури умумий балларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб беради ва ўша заҳоти эълон қилади.  

ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, вазирлик томонидан бу жараёнларни ташкил этишда техник ва дастурий воситалар узлуксизлигини таъминлаш бўйича масъулларга зарур вазифалар юклатилди.  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech