14:26 (06.04.2023)
2651
Пойтахтимизда Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган “Инсон ва саломатлик” X халқаро конгресси иш бошлади. Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова иштирок этди.
Россия, Польша, Беларусь, Украина каби мамлакатларнинг нуфузли мутахассислари тўғридан тўғри ва онлайн иштирок этган мазкур анжуман ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий услубларини кундалик тиббий амалиётга татбиқ этиш, шунингдек терапия соҳасидаги врачларнинг ўзаро билим алмашишларига имкон яратишни кўзда тутади.
Унда ўзбекистонлик ва хорижлик маърузачилар кардиология, антибиотикотерапия, гастроэнтерология, неврология, акушерлик-гинекология, педиатрия ва эндокринология соҳалари, айниқса мураккаб касалликларни комплекс даволашда дори воситаларини қўллаш бўйича ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда ҳам сифат жиҳатидан юксак талабларга жавоб берадиган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилгани юртимизда саломатлик кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Конгресс доирасида янги дори воситалари, ахборот технологиялари ва тиббиёт асбоб-ускуналари, тиббиётга оид буюмлар ва махсус нашрлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
Унда минглаб иштирокчилар мамлакатимиз ва хорижий фармацевтика компанияларининг янги ишланмалари билан танишиш, инновацион дори воситалари, уларнинг самарадорлиги ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида бевосита ишлаб чиқарувчилардан маълумот олиш имконига эга бўлади.
Конгресс замонавий тиббиёт ютуқларининг Ўзбекистонда ривожланиши ва оммалашувига, узлуксиз профессионал тиббий таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга замин бўлади.