08:56 (04.07.2023)
2529
Юртимизда йил бошидан бери соғлиқни сақлаш, фармацевтика, рақамлаштириш, тиббий таълим, илм-фан ва юқори технологияларни амалиётга жорий этиш каби йўналишларда илғор хорижий давлатларнинг университетлари, етакчи клиникалари билан ҳамкорликда халқаро форумлар ташкил этиб келинмоқда.
Шундай нуфузли анжуманлардан бири 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Хитой тиббиёт соҳаси вакиллари ўртасида ўтказилиши кутилмоқда.
Мазкур тадбирнинг дебочаси сифатида Шинжон тиббиёт университети қошидаги анъанавий хитой табобати госпиталининг бир гуруҳ вакиллари Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди.
Сафар доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда ортопедик касалликлар билан оғриган беморларни хитой халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда даволаш бўйича маҳорат сабоқларини ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш, тадқиқот ва маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадида мутахассислар алмашинуви юзасидан икки томонлама келишувга эришилди.
Учрашув ниҳоясида хитойлик мутахассислар октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон – Хитой тиббиёт форумида қатнашиш учун таклиф этилди.
Маълумот учун, Урумчи шаҳрида жойлашган Шинжон тиббиёт университети қошидаги анъанавий хитой табобати госпитали даволаш, ўқитиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, профилактика ва реабилитацияга ихтисослашган учинчи даражали шифохона ҳисобланади.
Муассаса анъанавий хитой тиббиёти бўйича миллий клиник тадқиқот базаларидан бири бўлиб, 3500 ўринли 101 та клиник-тиббий-технологик бўлим, 2 та асосий лаборатория, 3 та поликлиника, 2 та филиалга эга.