09:00 (13.09.2024)
666
Ҳозирги кунда омега-3 ёғ кислоталарининг танқислиги кенг тарқалган муаммодир. Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ғарб мамлакатларида 70-80 фоизгача одамлар озиқ-овқат орқали ушбу муҳим озуқа моддаларини етарли миқдорда қабул қилмайди.
Россиялик трихолог Анна Аверкина омега-3 шунчаки мода эмас, балки зарур қўшимча эканлиги ҳақида сўз юритади. Организмда омега-3 етишмаслиги тери ва соч қуришига олиб келиши мумкин, бу кўпинча соч синиши ва тўкилиши билан бирга кечади.
“Омега етишмаслиги экзема ва псориаз каби терининг яллиғланиш ҳолатларини кучайтиради. Тирноқ мўртлашиши ва секин ўсиши ҳам омега-3 етишмовчилиги билан боғлиқ бўлиши мумкин”, дея тушунтиради у.
Шифокорнинг сўзларига кўра, омега-3 руҳий саломатликни сақлашда муҳим рол ўйнайди, ушбу модда етишмаслиги эса депрессияга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, омега-3 танқислиги юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади, чунки улар холестерин ва қон босимини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради.
“Омега-3 нинг тавсия этилган суткалик дозаси ёш, жинс ва саломатлик ҳолатига қараб ўзгаради. Катталарга кунига 250-500 мг га яқин EPA ва DHA (докозагексаен ва эйкозапентаен кислоталари) комбинациясини истеъмол қилиш тавсия этилади. Аниқ тиббий кўрсатмаларга эга бўлган одамлар ёки ҳомиладор аёллар учун доза юқори бўлиши мумкин, аммо бунда шифокор билан маслаҳатлашиш керак”, дейди эксперт.
Кўп ҳолларда омега-3 ни доимий равишда қабул қилиш мумкин. Бунинг сабаби шундаки, улар организм мустақил равишда синтез қила олмайдиган ва ташқи манбалардан олиши керак бўлган асосий озиқ моддалардир. Бироқ бунда ҳам бир нечта жиҳатларни ҳисобга олиш керак.
“Симоб ва бошқа токсинлардан тозаланган, айниқса, балиқдан тайёрланган сифатли омега-3 қўшимчаларини танланг. Тавсия этилган дозага риоя қилиш ҳам муҳим. Ҳаддан ташқари юқори дозалар қонни суюлтириши ва бошқа ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Уларни узоқ вақт қабул қилишни бошлашдан олдин ҳар доим шифокор билан маслаҳатлашиш керак”, дея қўшимча қилади у.
Мутахассиснинг таъкидлашича, омега-3 айниқса болаларда мия ва кўриш қобилиятининг ривожланиши учун муҳимдир. Танқислик диққатни жамлаш ва ўқиш билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин. Омега-3 ҳомила ва чақалоқ асаб тизимининг тўғри ривожланиши учун зарур. Ҳомиладорлик ва эмизиш пайтида омега-3 шаклларидан бири бўлган DHA ни кўпайтирилган миқдорда қабул қилиш тавсия этилади.