12:21 (05.06.2023)
2492
Пойтахтимиздаги "Trillant” меҳмонхонасининг анжуманлар залида Иккинчи халқаро фармацевтика форуми бошланди. Ўзбекистонда иккинчи бор ташкил этилаётган мазкур форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Белорусь ва бошқа давлатларнинг регулятор-назорат органлари, маҳаллий ва халқаро йирик ишлаб чиқарувчилар компаниялар, дистрибюторлар, ишлаб чиқариш технологияларини лицензияловчилар, шунингдек соҳада фаолият олиб борувчи мутахассислар иштирок этмоқда.
Форумни Ўзбекистон Республикасир соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов очиб берди. Сўзи аввалида иштирокчиларни қутлаб, сўнгги йилларда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди, сессиялар ишларига омад тилади.
Форум дастуридан биринчи ва иккинчи кунлари ялпи мажлис, сессиялар, шунингдек, давра суҳбатлари, В2В ва В2G учрашувлари ўрин олган.
Форум сессияларида энг самарали ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар фармацевтика бозорининг долзарб масалалари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон фармацевтика саноатига GMP, GVP, GDP стандартларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Сессиялар доирасида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар ва дистрибюторлар ҳамда дорихоналар тармоғи раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, улар форум давомида турли мамлакатларнинг етакчи соҳа вакиллари билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имкониятига эга бўладилар.
Форум эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.