17:04 (13.04.2024)

242

Cумалак сайли ўтказилди

“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясида сумалак сайли ўтказилди.

Сумалак сайлининг байрам сифатида шаклланганлиги ҳақида турли ривоятлар бор.Шулардан бири: деҳқон олиб қўйган охирги донини тезроқ экиш учун яхши ниятлар билан олдинроқ ивитиб қўяди. Лекин бирдан об-ҳаво бузилади. Буғдой идишда ниш уриб ўса бошлайди, об-ҳаво яхшиланавермайди. Деҳқон оила аъзолари оч турган пайтда буғдойни бутунлай нобуд қилмаслик чораларини излай бошлайди. У таваккал қилиб ниш урган ва анча бўй кўтарган донни қиймалайди ва хотинига бундан таом пиширишни буюради. Уй бекаси уни узоқ вақт қайнатади. Қарангки, оқкўнгил деҳқоннинг нияти холис чиқади. Ундан ҳиди ёқимли, ўзи тўйимли, мазаси эса тановул қилган кишининг узоқ вакт эсида қоладиган даражадаги ширин таом ҳосил бўлади. Бу таом борган сари халқ ўртасида кенг тарқалиб, баҳорнинг энг лаззатли таомига айланади.

Сумалак сайли қадимдан кишиларда бирдамлик, аҳиллик ҳиссини тарбиялаб келган. “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси раҳбарияти бошчилигида аҳил ва қувноқ жамоамиз томонидан ҳар йилгидан истисно бўлмаган ҳолда, Марказий омборхона ҳудудида сумалак сайли ўтказилди, баҳорнинг  шоҳ таоми сумалак тайёрланди.

24 соатда тайёр бўладиган сумалак албатта оқшом билан дошқозон бошида бўлишни талаб қилади. Компания ходимлари ҳам туни билан вақтни унумли ўтказиш учун бир-биридан завқли миллий ўйинларни ташкил этди. Сумалак сайлининг жажжи меҳмонлари варрак учиришда, компаниямиз йигитлари шахмат-шашкада, гўзал ходималаримиз эса рақсда беллашишди. Ўланлар, лапарлар айтилди. Бир инсонга қирқ ҳунар ҳам оз деган нақлга амал қилганлар доираю рубобда маҳоратларини кўрсатишди.

Бугун 13 апрель куни сумалак тайёр бўлгач, компания раҳбарияти   жамоа билан бир дастурхон атрофида йиғилди. Ош тарқатилди. Қуръон тиловат қилиниб,  компания ривожига ҳисса қўшган,  ўзидан из қолдириб кетган устозлар, ходимлар бир-бир ёдга олинди.

Бундай байрамлар, тадбирлар жамоани янада бирлаштиради, ҳамжиҳатликда ишлашга, бир-бирини қўллаб-қувватлашга ўргатади. Бу байрам ҳам ходимлар қалбига унутилмас ширин хотираларни муҳрлаб қўйди.  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech