14:46 (16.03.2023)

2633

Суяк саратонини даволашнинг янги усули топилди

Суяк саратони беморнинг таянч аъзоларига таъсир қилувчи хавфли ўсмалар гуруҳи бўлиб, асосан болаларда аниқланади. Ҳозир дунё бўйича йилига 52 мингга яқин кишига ушбу хасталик ташхиси қўйилмоқда.

Энг ёмони, айни пайтда уни даволаш воситалари жуда чекланган. Муолажа жараёнида асосан кимё ва радиотерапия, шунингдек, ампутациягача бўлган жарроҳлик аралашувларидан фойдаланиляпти.

Бироқ суяк саратонига чалинганларнинг беш йил ичида омон қолиш даражаси атиги 42 фоизни ташкил этмоқда. Бу, ўсимта тез ривожланиб, биринчи навбатда, ўпка ва мияга таъсир кўрсатиши билан боғлиқ.

Шу боис Буюк Британиянинг Шарқий Англия университети тадқиқотчилари янги даволаш усулини ишлаб чиқди. Олимлар яратган CADD522 препарати саратон метастазларининг тарқалишига алоқадор бўлган RUNX2 генини блокировка қилишга хизмат қилади.

Бу янгилик лаборатор синовларда суяк саратони имплантация қилинган сичқонларнинг омон қолиш даражасини 50 фоизга оширди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур даволаш усули кимётерапияга нисбатан организмга камроқ зарар етказади. Соч тўкилиши ва овқат ҳазм қилиш муаммолари каби токсик ёндош асоратларга олиб келмайди.

Дастлабки синовларда CADD522нинг бирламчи суяк саратони муолажасида самарали эканлиги тасдиқланди. Энди янги ихтиро инсонларда клиник босқичда синаб кўрилиши кутилмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech