15:22 (24.08.2023)

1218

“Тапендол” гиёҳвандлик воситаси Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг 19.08.2023 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 399-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, “Тапендол” гиёҳвандлик  воситасининг ноқонуний савдоси ҳамда истеъмолини олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхатига киритилди.

Бундан ташқари,  кучли таъсир қилувчи моддалар  муомаласи билан боғлиқ назоратни кучайтириш ҳамда уларни  ўтказишда тегишли тарзда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мақсадида уларга ТИФ ТН кодлари бириктирилмоқда.

Маълумот учун, “Тапентадол” кучли таъсир қилувчи дори воситаси бўлиб, тиббиётда ўртача ва оғир интенсивликдаги ўткир ҳамда сурункали оғриқ синдромида, операциядан сўнг ва оғриқли диагностика жараёнларида қўлланади. Мазкур дори воситасини мунтазам истеъмол қилиш қарамликни шакллантиради.

Уни нотиббий мақсадларда суиистеъмол қилиш нафас олиш тизимининг бузилиши, бош мия шикастланиши ва руҳий тушкунликка тушиш, анамнез ҳолатида талваса синдроми, жигар етишмовчилиги, ўт қопи патологияси ва ўткир панкреатит, қон босимининг тушиш ҳолатларини келтириб чиқаради.

2014 йилда БМТнинг гиёҳвандлик бўйича экспертлар қўмитаси томонидан “Тапентадол” дори воситасининг назоратини кучайтириш бўйича бир қатор тавсиялар берилган. Шунингдек Россия, Буюк Британия, Кипр, Эстония, Финляндия, Греция, Латвия, Испания ва бошқа давлатларда “Тапентадол” дори воситаси миллий назорат остига олинган рўйхатларга киритилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech