09:00 (21.08.2024)
590
Саратон билан касалланиш хавфини оширувчи яна бир омил аниқланди
Татуировкалар бутун дунёда бир неча ўн йиллар олдингига қараганда ҳозир анча кенг тарқалган. Аммо улар машҳурлигининг глобал ўсиши билан бир қаторда, жаҳон бўйлаб лимфа тизимининг саратони бўлган лимфома билан касалланиш ҳолатларининг ўсиши ҳам кузатилди. Швециядаги Лунд университети тадқиқотчилари янги тадқиқотда бу икки ўсиш ўртасидаги алоқадорликни текширишди. Натижалар eClinicalMedicine журналида чоп этилди.
Лимфа иммун тизимининг бир қисмидир. У организмдаги суюқлик мувозанатини сақлайди ва инфекциялардан ҳимоя қилади. Лимфа тизимини зарарловчи саратоннинг иккита асосий тури мавжуд: барча лимфомаларнинг тахминан 90 фоизини ташкил этадиган Хожкин бўлмаган лимфома (ХБЛ) ва Хожкин лимфомаси. ХБЛнинг 40 га яқин кичик турлари мавжуд бўлиб, улар ўсиш ва тарқалиш суръатлари билан фарқ қилади. ХБЛ саратоннинг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар 11 905 кишини қамраб олган, миллий реестрлардан олинган маълумотларни таҳлил қилишди. Улардан 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 2938 киши лимфома билан касалланган, 1398 киши сўровни якунлаган бўлса, назорат гуруҳидаги иштирокчилар сони 4193 кишини ташкил этди. Лимфома билан оғриган гуруҳда 21 фоиз (289 киши) татуировка қилинган, лимфома ташхиси бўлмаган назорат гуруҳида (735 киши) 18 фоиз татуировка қилинган.
Тадқиқотчилар бир қатор муҳим омилларни, хусусан, чекиш ва ёшни ҳисобга олган ҳолда лимфома билан оғриган одамларни ушбу касалликка дучор бўлмаган назорат гуруҳидаги одамлар билан солиштиришди. Татуировкаси бўлган одамларда татуировкасизларга қараганда лимфома ривожланиши эҳтимоли 21 фоизга кўп эканлиги аниқланди.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, татуировка катталигидан қатъий назар саратон билан касалланиш хавфи сақланиб қолади. Олдинги тадқиқотлар шуни кўрсатган эдики, татуировка сиёҳининг зарралари лимфа тугунларигача ўтиши мумкин.
Тадқиқотчилар энди татуировка ва саратоннинг бошқа турлари, шунингдек, яллиғланиш касалликлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганиб чиқишади.