18:00 (07.10.2024)
448
Америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равкан микроРНКни кашф қилгани учун бу йилги мукофот билан тақдирланди.
Физиология ва тиббиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофоти америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равканга берилди.
Олимлар “микроРНКни кашф қилгани ва генлар экспрессиясининг транскрипциядан кейинги бошқарувида уларнинг ролини ўргангани учун” Нобель билан тақдирланди.
Амброс ва Равкан ишларининг катта қисми молекуляр биология ва генетикага бағишланган. Улар 1993 йилда микроРНКни кашф этган. Уларнинг тадқиқотлари натижалари клонлаш ва секвенирлаш ривожланишига туртки бўлди, дейилади Нобель мукофоти сайтида.
МикроРНК — рибонуклеин кислотасининг қисқа молекулаларидан иборат алоҳида синф бўлиб, бошқа молекулалар қатори кўплаб генларнинг фаоллигини белгилайди. Кўп ҳолларда организмнинг у ёки бу ҳужайраларида маълум бир геннинг фаоллашиши айнан микроРНКга боғлиқ бўлади.
2023 йилда тиббиёт соҳасида Нобель мукофоти Каталин Карико ва Дрю Вайсманга “COVID-19 га қарши самарали мРНК-вакциналарни ишлаб чиқишга имкон берган нуклеин кислоталар асосларини модификация қилиш соҳасидаги кашфиётлари” учун топширилганди.
Физиология ва тиббиёт соҳасидаги мукофот совриндорларининг эълон қилиниши Нобель ҳафталигига старт берди. 8 октябрда физика, 9 октябрда кимё, 10 октябрда эса адабиёт бўйича Нобель мукофоти ғолибларининг номлари маълум бўлади.
11 октябр куни Ослода тинчлик мукофоти совриндори эълон қилинади, 14 октябрда эса иқтисодиёт бўйича мукофот ғолиби аниқланади.
Нобель мукофотининг ҳар бир категорияси учун 11 миллион швед кронаси тадқим этилади. Бу бир миллион доллардан бироз кўпроқ.