10:13 (07.09.2023)
1925
Янги фармон асосида 2024 йил 1 январдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қуйидагиларни бирлаштириш орқали юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади:
◊ Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси;
◊ Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси;
◊ Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси;
◊ Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.
Янги жамғарма маблағлари қандай шакллантирилади?
◊ Президентимиз фармонига мувофиқ, қуйидагилар 2024 йил 1 январдан Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:
• Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган 350 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
• спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш харажатлари учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
• иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш учун Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган 50 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар ва ташкилотларнинг бўш турган бинолари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини оммавий савдолар (аукцион)да сотишдан тушадиган маблағларнинг республика бюджетига ўтказиладиган 50 фоизи;
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг мол-мулкини ижарага беришдан тушадиган тушумларнинг, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг операцион харажатларини чегириб ташлаган ҳолда, маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган 100 фоизи;
• халқаро молия институтларининг, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;
• Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан Тиббиётни ривожлантириш жамғармасининг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
• жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
• қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.