10:15 (13.03.2023)
2389
Психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.
Хусусан, аниқланган маълумотга кўра, Қибрай тумани “Маданият” МФЙда яшовчи 31 ёшли фуқаро ўзининг машинасида кетаётган вақтида тўхтатилиб тезкор ходимлар томонидан кўздан кечирилган. Натижада машина салонидаги сумка ичида жами, 134 та “Тропикомид” ва 1.666 дона “Регапрен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу шахс тақиқланган дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсни дори воситалари билан таъминлаётган таъминотчи ҳам вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан ушланди. Юнусобод тумани 11 мавзеда жойлашган МЧЖ га қарашли дорихонада ишловчи 26 ёшли фуқаронинг хонадони ва дорихонаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Бу ерда тахминий баҳоси 25 млн 740 минг сўмга тенг бўлган, 315 дона “Регапен” 45 дона “Зардекс”, 39 дона “Мидакс” ва 4 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилиб олинди.
Бундан ташқари, Зангиота туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда 1999-йилда туғилган фуқаро 36 ёшли шериги билан қора бозордаги нархи 21 млн сўм бўлган жами 1 368 дона турли ном ва кўринишда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ИИББ ходимлари томонидан қўлга олинди.
Шу каби, Янгийўл шаҳрида ҳам ташкил этилган тезкор тадбир натижасида, 32 ёшли фуқаронинг қўлида бўлган сумка ичидан нархи 11 млн сўмга тенг бўлган жами 1 296 дона турли номдаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги фош этилиб, шахс процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан тергов ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.