14:42 (26.09.2024)
262
Окленд Технология Университети ва Вашингтон университети қошидаги Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институти тадқиқотчилари бутун дунё бўйлаб инсулт ҳолатлари кўпайганини аниқладилар. Хулосалар The Lancet Neurology журналида чоп этилган.
1990 йилдан 2021 йилгача инсульт билан касалланганлар сони 70 фоизга, инсулт билан боғлиқ ўлимлар сони эса 44 фоизга ошган. 2021 йилда инсульт дунёда юрак ишемик касаллиги ва COVID-19 дан кейин ўлимнинг учинчи сабаби бўлди. Инсультнинг ортиб бораётган юкига ҳисса қўшадиган муҳим омил аҳолининг қариши ва олдини олиш мумкин бўлган хавф омилларига таъсир қилишдир.
Таҳлилда 1990–2021 йилларни қамраб олган Глобал касаллик юки тадқиқоти маълумотларидан фойдаланилган. Тадқиқотчилар юқори тана массаси индекси (ТМИ), қон босими, қондаги қанд даражаси ва ҳаво ифлосланиши каби хавф омилларининг таъсирини баҳоладилар. Ёшга қараб стандартлаштирилган касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари минтақавий фарқларни ҳам кўрсатди, инсульт паст ва ўрта даромадли мамлакатларда сезиларли даражада юқори эканлиги аниқланди.
Натижалар шуни кўрсатдики, инсульт туфайли йўқотилган соғлом йиллар сони 2021 йилда 160,5 миллионга етди, бу 1990 йилга нисбатан 32 фоизга ўсган. Семириб кетиш, гипертония ва ҳавонинг ифлосланиши ёш аҳоли орасида инсультнинг кучайишига асосий ҳисса қўшувчи омиллар деб баҳоланди.
Тадқиқотга кўра, атроф-муҳит омиллари, жумладан, юқори ҳарорат ва ҳавонинг ифлосланиши ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Ушбу хавф омиллари паст даромадли мамлакатларда айниқса жиддий бўлиб, атроф-муҳит сифатини яхшилаш ва метаболик касалликларнинг олдини олиш бўйича зарур ҳаракатлар лозимлигини кўрсатади.
Тадқиқот муаллифлари инсультнинг олдини олиш учун ҳам умумий аҳолига чора-тадбирларни, ҳам индивидуал ёндашувларни ўз ичига олган самарали стратегияларини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, телемедицина ва сунъий интеллект каби янги технологиялардан фойдаланиш келажакда инсультнинг глобал юкини сезиларли даражада камайтириши мумкин.