12:57 (12.02.2024)
1426
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эпилепсия касаллиги билан боғлиқ янги ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, ҳозир дунё бўйича тахминан 50 миллион киши ушбу дарддан азият чекмоқда.
Ачинарлиси, кейинги даврда бундай беморлар сони йилига 5 миллион нафарга ортяпти. Уларнинг қарийб 80 фоизи паст ва ўрта даромадга эга мамлакатлар аҳолисидир. Яъни мазкур ҳудудларда ҳар 100 000 кишидан 139 нафарига эпилепсия ташхиси қўйилмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, ўсиш динамикаси Ер юзида эндемик касалликлар хавфи ортиши, йўл-транспорт ҳодисалари ва туғилиш чоғидаги жароҳатлар кўпайиши, қолаверса, тиббий инфратузилма, профилактика дастурлари ҳамда арзон ва малакали тиббий ёрдам етишмаслиги каби қатор омиллар билан боғлиқ.
Ваҳоланки, эпилепсия хуружларининг олдини олса бўлади. Бундан ташқари, 70 фоиз беморлар тутқаноққа қарши дорилар ёрдамида тўғри муолажа олиб, бу дарддан холи яшашлари мумкин.
Аммо кам даромадли мамлакатларда эпилепсияга чалинган одамларнинг тўртдан уч қисми даволанмайди. Ўз навбатида, бундай давлатларда антиконвульсант дорилар таъминоти 50 фоизга ҳам етмайди.
Аксарият ҳолларда эпилепсияни бирламчи тиббиёт муассасаларида мураккаб асбоб-ускуналарсиз ташхислаш ва даволаш имконияти мавжуд. Аммо бундай билим ва кўникмага эга мутахассислар барча ҳудудларда ҳам, афсуски, етарли эмас.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ЖССТ эпилепсия диагностикаси ва муолажасида самарадорликка эришиш учун бирламчи тиббиёт муассасалари ходимларини махсус тайёргарликдан ўтказиш зарур, деган хулосада.
Элатиб ўтамиз, эпилепсия – турли хил хуружлар ва ҳушдан кетишлар билан намоён бўлувчи бош миянинг сурункали касаллиги. У халқ орасида тутқаноқ, қуёнчиқ, деб ҳам аталади. Хасталик 70 фоиз ҳолатда 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади.