14:50 (27.09.2024)
258
Семириб кетиш, руҳий тушкунлик, ёлғизлик ва зўравонлик ўсмирлар орасида энг кўп учрайдиган муаммолардан биридир. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан замонавий ўсмирларнинг муаммолари бўйича кенг қамровли ҳисоботида қайд этилди.
Ўсмирлар ўртасидаги касалликлар умумий сонининг катта қисмини руҳий касалликлар ташкил этади. 2021 йилда 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар 7 нафар ўсмирдан бири руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келган, бу ўсмирларнинг умумий 13 фоизини ташкил қилади. Янги тадқиқот шуни кўрсатадики, ёлғизлик, ташвиш ва депрессия ўсмирлар орасида энг кўп учрайдиган аломатлардир. Гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ҳиссий ва руҳий касалликлар ҳам кўп учрайди. Булар ўсмирларнинг учдан бирида 14 ёшдан олдин, ярмида эса 18 ёшда пайдо бўлади.
Ташкилот бутун дунё бўйлаб ўсмирлар дуч келадиган бошқа муаммоларни ҳам ўрганади. Aнемия ўсмир қизлар орасида жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида темир танқислиги камқонлиги ҳолатлари сони 60 дан 70 миллионгача, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган қизлар орасида эса 80 дан 90 миллионгача. Aнемиянинг энг кўп ҳолатлари Ғарбий ва Марказий Aфрикада кузатилади, бу ерда қизларнинг деярли ярми ушбу касалликдан азият чекади.
Яна бир муаммо - семириш. Ҳисоботда 2020-йилда дунё бўйлаб ўсмир ўғил болаларнинг 10 фоизи ва ўсмир қизларнинг 8 фоизи семириб кетганлиги аниқланганлиги қайд этилган. 2035 йилга келиб бу кўрсаткич икки баравар ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ўсмирлар ўртасида семириб кетганлар сонининг ошиши компютер ўйинлари ва ижтимоий тармоқларда вақт ўтказадиганлар сонининг кўпайиши билан боғлиқ.
Безорилик ҳам ўсмирлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Ҳар йили миллионлаб ёшлар зўравонлик қурбонига айланади. Ўсмирлар, айниқса қизлар ўртасида ёлғизлик ҳисси ҳам энг кескин муаммо саналади. 2012 йилдан 2018 йилгача ёлғизлик ҳиссини бошдан кечираётган ёшлар сони икки баравар кўпайган. Бу, асосан, ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланиш билан боғлиқ, гарчи бу ҳодисалар ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик ҳали исботланмаган бўлса ҳам.
ЖССТ шунингдек, ўсмирларнинг репродуктив саломатлик масалалари бўйича хабардор эмаслигини асосий муаммо сифатида кўрсатади. Бу ёшларнинг соғлиғига жиддий зарар етказиши, жумладан ОИВ ва бошқа жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин.
2022 йилда ЖССТ видео ўйинларга қарамликни касаллик сифатида расман тан олди. Ҳужжат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сайтида эълон қилинган. Ўйинга қарамлик онлайн ва офлайн режимда видео ўйинларни ўйнаш частотаси ёки давомийлигини назорат қилиш қобилиятининг доимий ёки такрорий бузилиши билан тавсифланади. Шунингдек, ўйинга қарамлик, салбий оқибатлар юзага келганда ҳам, беморнинг кундалик фаолияти ва ҳаётий манфаатларининг ўйинлар фойдасига ўзгариши билан тавсифланади.
Бундан ташқари, 2050 йилга келиб миопия (узоқни яхши кўра олмаслик) билан оғриган болалар ва ўсмирлар сони 740 миллион кишидан ошиши мумкинлиги маълум бўлди: аллақачон бутун дунё бўйлаб болалар ва ўсмирларнинг учдан бири миопиядан азият чекмоқда. 1990-2000 йилларда миопия болалар ва ўсмирларнинг 24 фоизида қайд этилган, 2020-2023 йилларда бу кўрсаткич 36 фоизга ошган. Олимларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб, 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшларнинг тахминан 40 фоизига миопия ташхиси қўйилади.