11:55 (10.07.2024)

476

ЖССТ: Тальк кукуни саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин

Канцерогенлар саратон касалликлари ривожланиш хавфини оширувчи моддалардир. Улар баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари, консервантлар, ароматизаторлар, полициклик углеводородлар, азобўёқлар, нитрозаминлар, оғир металл тузлари, алкалоидлар таркибида кўп учрайди.

Энди ушбу рўйхат янада кенгайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳузуридаги Халқаро Саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) тальк кукунини потенциал канцероген моддалар рўйхатига киритди.

Бунинг учун 13 мамлакатдан жалб этилган 29 нафар экспертдан иборат ишчи гуруҳ ўрганишлар олиб борди. Мазкур жараёнда тальк кукунидан фойдаланган аёлларда тухумдон саратони билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳисобга олинди.

Қолаверса, целлюлоза-қоғоз саноатида хотин-қизларнинг тальк билан таъсирланишига қаратилган тадқиқотлар натижалари ҳам таҳлил қилиб чиқилди. Шу тариқа бу минерал 2А хавф гуруҳига мансуб, деб таснифланди.

Ўз навбатида, тальк кукуни билан ишлов берилган тажриба каламушларида хавфли ўсмалар ривожланиши қайд этилган изланишлар хулосалари инобатга олинди.

Эслатиб ўтамиз, тальк ер остидан қазиб олинадиган табиий минерал бўлиб, кўпинча болалар кукуни тайёрлашда қўлланилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech