08:55 (09.08.2023)

2720

ЖССТ Ҳиндистоннинг “Cold Out” сиропи ҳақида огоҳлантирмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган яна бир йўтал сиропининг хавфли оқибатларидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, ЖССТ  7 август куни Ироқда сотилаётган Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Cold out” номли йўтал сиропи ҳақида огоҳлантириш эълон қилган. Дори воситасининг таркибидан токсинлар аниқлангани учун шундай қарорга келинган.

“Маҳсулотнинг сифатсиз партияси хавфли ва ундан фойдаланиш, айниқса, болаларда, жиддий асоратлар ёки ўлимга олиб келиши мумкин”, дейилади ташкилот огоҳлантиришида.

Бу сўнгги 10 ойда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларидан бешинчи бор огоҳлантириш эълон қилиниши ҳисобланади.

ЖССТ хабарига кўра, мазкур сироп Ҳиндистоннинг Fourrts компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.

Ироқ дорихоналаридан топилган партиядаги дорилар таркибида 0,25 фоиз диетилен гликол ва 2,1 фоиз этилен гликол мавжудлиги аниқланган. Ушбу моддаларнинг ЖССТ томонидан қабул қилинган хавфсизлик чегараси эса 0,10 фоизни ташкил қилади. Сиропнинг ишлаб чиқарувчиси ЖССТга маҳсулот сифати ва хавфсизлиги бўйича кафолатларни тақдим этмаган.

ЖССТ сиропнинг токсик таъсири қорин оғриғи, қусиш, диарея, сийдик чиқара олмаслик, бош оғриғи, руҳий ҳолатнинг ўзгариши ва ўлимга олиб келадиган ўткир буйрак етишмовчилигига сабаб бўлишини қайд этган.

Айни пайтда Ироқда дорихоналардан “Cold out” сиропини қайтариб олиш бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" Ҳиндистоннинг “Fourrts Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимиз хавотирга тушмасликларини билдиради.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech