09:00 (20.09.2024)
742
Юқори қон босими ёки гипертензия замонавий жамиятдаги энг кенг тарқалган тиббий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 1,5 миллиарддан ортиқ инсон ушбу касалликдан азият чекмоқда.
Қон босими - бу қоннинг қон томирлари деворларига таъсир қиладиган босими. Бошқача қилиб айтганда, қон айланиш тизимидаги суюқлик босимининг атмосфера босимидан ошиб кетиши. У симоб миллиметрида ўлчанади ва у иккита кўрсаткичдан иборат:
1. Систолик босим (юқори) - юрак қисқариши ва қон томирларга урилган пайтдаги босим даражаси.
2. Диастолик босим (пастки) - юрак қисқаришлари оралиғида бўшашган пайтдаги босим даражаси.
ЖССТ маълумотларига кўра, юқори қон босими турли касалликлар ва ҳолатларни келтириб чиқаради, жумладан:
Инсульт. Гипертензия миядаги қон томирларининг шикастланиши туфайли инсулт хавфини оширади.
Юрак касалликлари. Юқори қон босимида кўпроқ юракка оғирлик тушади, бу эса юрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.
Буйрак муаммолари. Сурункали қон босими буйрак касаллигига ва ҳатто буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.
Қон томир шикастланиши. Юқори қон босими артерия деворларига зарар етказади, бу эса атеросклерознинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Aгар сизда ёки яқинларингизда 2-босқич гипертония белгилари (140/90 босим ёки ундан юқори) бўлса, у ҳолда ўзингиз мустақил қон босимини туширишга уринманг, бу миокард инфаркт ёки инсульт ривожланишига олиб келиши мумкин. Aгар юқори қон босимини кўрсатадиган аломатлар пайдо бўлса, дарҳол тез ёрдам чақириш керак.
Уйда қон босимини туширишнинг 6 та самарали усули
Қон босими кескин кўтарилган вазиятда (юқори кўрсаткичлар чегарасида, лекин хавф кўрсаткичида бўлмаганда), қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин.
1. Нафас олиш машқларини бажаринг
Aсаб тизимини тинчлантириш учун чуқур нафас олинг ва нафас чиқаринг. Тўртгача санаб бурунингиздан нафас олинг, нафасингизни етти сония ушлаб туринг ва саккизтагача санаб оғзингиздан секин чиқаринг. Ушбу машқни 5-10 марта такрорланг. Нафас олиш машқлари бўшашиш ва стрессни камайтиришга ёрдам беради, бу эса сезиларли даражада қон айланишини яхшилайди ҳамда симпатик асаб тизимини бостириш орқали қон босимини пасайтиради.
2. Енгил жисмоний машқлар бажаринг
Aгар қон босимингиз тўсатдан кўтарилса, чўзилиш каби оддий машқларни бажаринг. Енгил жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилайди, қон томирлари деворларини мустаҳкамлайди ва юракнинг янада самарали ишлашига ёрдам беради, бу эса ўз навбатида қон босимини пасайтириши мумкин.
3. Совуқ компресс қўлланг
10-15 дақиқа давомида бўйин, билаклар ёки пешонангизга совуқ компресс қўйинг. Музлатгичдан олинган елим идишдаги совуқ сувдан ёки шунчаки муз бўлакларини мато билан ўраб фойдаланиш мумкин. Совуқ компресслар қон томирларини бўшаштиришга ёрдам беради, бу эса қон босимининг тез пасайишига сабаб бўлади.
4. Бўйин ва бош қисмини массаж қилинг
Бўйин-бош қисмини енгил массаж қилиш керак. Кўзлар ва чаккаларнинг ички бурчакларига секин босиб, қулоқларни чўзиш ҳам ёрдам беради. Қон айланишини яхшилаш юракдаги босимни камайтиришга ва қон босимини нормаллаштиришга ёрдам беради.
5. Мушакларингизни чўзинг ва бўшаштиринг
Ўрнингдан туринг ва хонани бир оз айланиб чиқинг. Барча мушакларни бўшаштиришга ҳаракат қилинг. Мушакларни бирма-бир тортинг ва кейин бўшаштиринг - оёқдан бошлаб, бош билан тугатинг. Мушакларни бўшаштириш, айниқса стресс туфайли зўриқиш ҳис қилганда умумий аҳволни яхшилашга ва қон босимини пасайтиришга ёрдам беради.
6. Тинчлантирувчи чой ичинг
Ялпиз ёки мойчечак (ромашка) каби ўсимлик чойидан фойдаланинг. Бир стакан иссиқ сув учун битта пакетчали чой етарли. 5-10 дақиқа қайнатиб олишингиз ва хохишга кўра асал қўшиш мумкин. Ўсимлик чойлари тинчлантирувчи таъсирга эга ва стрессни енгишга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида қон босимини пасайтиради. Ялпиз ва мойчечак каби баъзи ўтлар қон босимини тушириш хусусиятлари билан машҳур.