Гриппдан кўра унинг асоратлари хавфли
Грипп хавфли касалликми? Бу борада шифокорларнинг якдил хулосаси бор. Уларнинг таъкидлашича, хасталикнинг ўзидан кўра, асоратлари кўпроқ хавфли. Чунки вирусли токсинлар қон томирлари деворларининг касалликларга нисбатан ҳимоя қобилиятини сусайтириб юборади. Оқибатда инфекциялар қон оқими орқали ички органларга етиб бориб, яллиғланиш ўчоқларини ҳосил қилади.
Хўш, қандай симптомлар грипп асоратларидан далолат беради? Мутахассислар ушбу саволга жавобан қуйидаги аломатларни санаб ўтади:
Кучли чарчоқ ва ҳолсизлик. Бу белгилар беморлар соғайганидан бир неча ҳафта ўтиб, безовта қилади. Агар ушбу ҳолат жисмоний фаоллик чоғида нафас қисиши билан бирга кечса, демак, юрак фаолиятида қандайдир бузилишлар кузатилаётган бўлиши мумкин. Бундай вазиятда “ўтиб кетар”, “тузалиб қоларман” дея вақт йўқотмасдан, терапевт ва кардиолог шифокорга мурожаат қилиш лозим. Чунки мазкур аломатлар юрак мушаги яллиғланиши – миокардитга ҳам хос. У ўз вақтида даволанмаса, юрак етишмовчилигига сабаб бўлиши эҳтимоли катта.
Кучли нам йўтал ва 37,5 даражадан юқори тана ҳарорати. Одатда ўпка яллиғланиши шу симптомлар билан намоён бўлади. У кўпинча гриппдан тузалгандан сўнг 7-10 кун ичида ривожланади. Қаттиқ терлаш ва ҳаддан ташқари заифлик ҳам ушбу касаллик бошланаётгани белгиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолда оилавий шифокорга зудлик билан мурожаат қилиш лозим.
Пешоб ажратиш чоғида кесувчи оғриқ ва белдаги нохушлик. Бундай ҳолатлар вируслар таъсиридан икки ҳафта ўтиб ривожланади ва гриппнинг буйраклардаги асоратини ифодалайди. Шу боис терапевтга бориб, қон ва пешоб таҳлилини топшириш мақсадга мувофиқ. Энг асосий тавсия: гриппга чалинганда шифокор томондан белгиланган муолажаларни охиригача олиш шарт. Тузалгандан сўнг ҳам яна икки ҳафта давомида жисмоний зўриқишдан тийилиб, аста-секин фаол ҳаётга қайтган маъқул. Кўпроқ ҳордиқ чиқариш, иссиқ кийиниш ва аҳоли гавжум жойлардан қочишга ҳаракат қилиш тавсия этилади. Қолаверса, гриппдан соғайгандан кейин икки ҳафта ўтгач, умумий қон таҳлилини топшириш зарур. Бу танада яллиғланиш жараёни бошлангани ёки йўқлигини аниқлаш имконини беради.