Янгиликлар

not found

Гриппдан кўра унинг асоратлари хавфли

Грипп хавфли касалликми? Бу борада шифокорларнинг якдил хулосаси бор. Уларнинг таъкидлашича, хасталикнинг ўзидан кўра, асоратлари кўпроқ хавфли. Чунки вирусли токсинлар қон томирлари деворларининг касалликларга нисбатан ҳимоя қобилиятини сусайтириб юборади. Оқибатда инфекциялар қон оқими орқали ички органларга етиб бориб, яллиғланиш ўчоқларини ҳосил қилади. Хўш, қандай симптомлар грипп асоратларидан далолат беради? Мутахассислар ушбу саволга жавобан қуйидаги аломатларни санаб ўтади: Кучли чарчоқ ва ҳолсизлик. Бу белгилар беморлар соғайганидан бир неча ҳафта ўтиб, безовта қилади. Агар ушбу ҳолат жисмоний фаоллик чоғида нафас қисиши билан бирга кечса, демак, юрак фаолиятида қандайдир бузилишлар кузатилаётган бўлиши мумкин. Бундай вазиятда “ўтиб кетар”, “тузалиб қоларман” дея вақт йўқотмасдан, терапевт ва кардиолог шифокорга мурожаат қилиш лозим. Чунки мазкур аломатлар юрак мушаги яллиғланиши – миокардитга ҳам хос. У ўз вақтида даволанмаса, юрак етишмовчилигига сабаб бўлиши эҳтимоли катта. Кучли нам йўтал ва 37,5 даражадан юқори тана ҳарорати. Одатда ўпка яллиғланиши шу симптомлар билан намоён бўлади. У кўпинча гриппдан тузалгандан сўнг 7-10 кун ичида ривожланади. Қаттиқ терлаш ва ҳаддан ташқари заифлик ҳам ушбу касаллик бошланаётгани белгиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолда оилавий шифокорга зудлик билан мурожаат қилиш лозим. Пешоб ажратиш чоғида кесувчи оғриқ ва белдаги нохушлик. Бундай ҳолатлар вируслар таъсиридан икки ҳафта ўтиб ривожланади ва гриппнинг буйраклардаги асоратини ифодалайди. Шу боис терапевтга бориб, қон ва пешоб таҳлилини топшириш мақсадга мувофиқ. Энг асосий тавсия: гриппга чалинганда шифокор томондан белгиланган муолажаларни охиригача олиш шарт. Тузалгандан сўнг ҳам яна икки ҳафта давомида жисмоний зўриқишдан тийилиб, аста-секин фаол ҳаётга қайтган маъқул. Кўпроқ ҳордиқ чиқариш, иссиқ кийиниш ва аҳоли гавжум жойлардан қочишга ҳаракат қилиш тавсия этилади. Қолаверса, гриппдан соғайгандан кейин икки ҳафта ўтгач, умумий қон таҳлилини топшириш зарур. Бу танада яллиғланиш жараёни бошлангани ёки йўқлигини аниқлаш имконини беради.

  • 6 Март, 10:10
  • Батафсил
not found

Ҳиндистонда Marion Biotech мансабдорлари ҳибсга олинди

Ҳиндистон полицияси 3 март куни Marion Biotech фармацевтика компаниясининг 3 нафар юқори лавозимли ходимини ҳибсга олди. Аввалроқ, ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган йўталга қарши сироп Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган эди. Ҳиндистон давлат лабораторияси томонидан Marion Biotech дори воситаларини текшириш бўйича ўтказилган синовларда 22 та намунанинг таркиби «бузилгани ва қалбакилаштирилгани» аниқланган. Шундан сўнг, ҳибслар амалга оширилди, деб ёзди Reuters. Мансабдорларга қандай айблов қўйилгани маълум эмас. Полициянинг юқори лавозимли офицери Рам Бадан Сингх сўзларига кўра, Marion Biotech компаниясининг ишлаб чиқариш директори ва 2 нафар кимёгари ҳибсга олинган. Яна 2 нафар директор «мамлакат ташқарисида ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ ҳибсга олинади». Reuters ҳибслар бўйича изоҳ олиш учун Marion Biotech компаниясига мурожаат қилган. Бироқ, компанияда қўнғироқларга жавоб беришмаган.

  • 5 Март, 10:10
  • Батафсил
not found

Дори воситаларининг максимал нархларини қидириш платформаси ишга туширилди

Ўзбекистонда дори воситаларининг сертификат ва максимал нархларини текшириш платформаси — “Dorigar” ишга туширилди. Бу ҳақда “Edulog CRM” ишлаб чиқиш компанияси маълум қилди. Платформа маълумотлар базасига 37 мингга яқин дори воситалари киритилган бўлиб, у орқали дорихоналардаги нархларни давлат томонидан белгиланган нархлар билан солиштириш мумкин. Максимал чакана нарх ҳақидаги маълумотлар билан бирга, платформада доривор маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати олган-олмаганлиги ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Керакли дори воситасини топиш учун қидирув тизимига дори воситасининг савдо номи ёки халқаро нодавлат номини киритиш керак. Шунингдек, маълумотларни ўзбек ва рус тилларида олиш мумкин. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар, муаллифлик ҳуқуқи эгалари ва бошқалар ҳақидаги маълумотларни кўришлари мумкин бўлади. Дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси чекланган савдо устамаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Бунда улгуржи учун — харид нархининг 15%идан, чакана савдо учун — улгуржи нархнинг 20%идан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади. Aгар дорихонада сотилаётган дори воситасининг белгиланган энг юқори чакана нархидан ошириб юборилганлиги аниқланган тақдирда, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 1159 ишонч телефони ҳамда customer.uz сайти орқали мурожаат қилиш мумкин. Платформага ҳавола орқали ўтиш мумкин. 2022-йили аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш бўйича президент қарори қабул қилинганди. Ҳужжат билан, 1-майдан жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дорилар учун дорихоналар томонидан бериладиган харид чекининг фискал белгиси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилиши белгиланган.

  • 3 Март, 10:30
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech