12:07 (07.11.2023)
2343
Индонезияда 200 дан ортиқ боланинг ўлимига алоқадор бўлган йўтал сиропи фирмасининг бошлиғи ва яна уч нафар амалдори қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
“Afi Farma” фирмаси ортиқча миқдорда заҳарли моддалар бўлган йўтал сиропларини ишлаб чиқаришда айбланган. Компания адвокати улар бепарволикни рад этишларини ва фирма апелляция бериш ёки бермасликни кўриб чиқаётганини айтганди.
Прокурорлар “Afi Farma” бош директори Ариеф Прасетя Ҳараҳапни тўққиз йилгача, қолган айбланувчиларни эса етти йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган эди. Прокурорнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг октябридан 2022 йил февралига қадар компания йўталга қарши сироп тайёрлаш учун ишлатиладиган пропилен гликолнинг икки партиясини олган.
“Бу партияларда 96 фоиздан 99 фоизгача этилен гликол бор эди”, дейди прокурор.
Иккала модда ҳам эритувчиларга қўшимча сифатида ишлатилиши мумкин. Пропилен гликол токсик бўлмаган ва дори-дармонлар, косметика ва озиқ-овқатда кенг қўлланиладиган бўлса-да, этилен гликол заҳарли бўлиб, бўёқ, қалам ва тормоз суюқлигида ишлатилади.
Прокурорларга кўра, компания йўтал сиропида ишлатиладиган ингредиентларни синовдан ўтказмаган ва бунинг ўрнига етказиб берувчининг сифат ва хавфсизлик сертификатларига таянган.
“Afi Farma”нинг адвокати Самсул Ҳидоятнинг BBC'га айтишича, Индонезиянинг дори воситаларини тартибга солувчи органи дори ишлаб чиқарувчилардан ингредиентларни қаттиқ синовдан ўтказишни талаб қилмаган.
Шарқий Яванинг Кедири туман суди судьяси тўрт нафар айбланувчини хавфсизлик стандартларига жавоб бермайдиган фармацевтика маҳсулотларини қасддан ишлаб чиқаришда айбдор деб топган. Бу ҳолат бутун дунё бўйлаб заҳарланишдан кейин дори таъминоти занжирлари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайган бир пайтда юз берди.
Шундай қилиб фирма бошлиғи ва яна уч нафар амалдор икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва 1 миллиард Индонезия рупияси (63 056 доллар) миқдорида жаримага тортилган.
2022 йилдан бери 200 дан ортиқ индонезиялик болалар, уларнинг аксарияти беш ёшга тўлмаган, ифлосланган йўтал сиропи билан боғлиқ ўткир буйрак жароҳати туфайли вафот этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистон ва Индонезияда ишлаб чиқарилган олтита йўтал сиропи ҳақида огоҳлантириш берган.