12:00 (10.10.2024)
432
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге кўҳна қитъа ва Марказий Осиёнинг 53 мамлакатида мавсумий гриппдан йилига 72 мингга яқин киши вафот этаётганини маълум қилди.
“Ушбу ўлим ҳолатларининг аксариятини олдини олиш мумкин, — дейди у. — Бунинг учун, энг аввало, аҳолининг иммунитети заиф қатлами хасталикка қарши вакциналар билан “ҳимояланиши” керак”.
Қайд этилганидек, куз-қиш мавсумида грипп ва коронавирусга чалиниш хавфи ортади. Ушбу касалликлар катта ёшли кишилар, ҳомиладор аёллар ва иммунитети заиф ҳамда сурункали касалликлари бор одамларда оғир асоратлар билан ўтиши мумкин.
Шу боис мазкур хавф гуруҳига мансуб қатлам бу даврда ўз соғлигига янада эътиборли бўлишлари лозим. Бунинг учун ЖССТ 5 та энг асосий эҳтиёт чорасига амал қилишни тавсия қилади.
» Эмланиш — мавсумий респиратор инфекциялардан ҳимояланишнинг энг мақбул йўли.
» Грипп, ЎРВИ, СOVID-19га чалинганлар шифокорга мурожаат қилишлари ва имкон қадар уйда қолиб даволанишлари зарур.
» Жамоат жойларида ниқоб тақиш — сизни хасталикни юқтиришдан асрайди.
» Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиб, қўлларнинг тозалигига риоя қилиш муҳим.
» Хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш тавсия этилади. Бу вирусларнинг кўпайиши ва кенг тарқалишига тўсиқ бўлади.
Доктор Ханс Клюгенинг таъкидлашича, ана шундай ҳолатларни инобатга олиб, бу йил ЖССТ томонидан “Сизга қандай хавф таҳдид солаётганини ўзингиздан кўра ҳеч ким яхшироқ билмайди” шиори остида тарғибот кампанияси эълон қилинди.