14:50 (19.11.2024)
98
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Харидлар маркази ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил қилинади. Бу ҳақда 14 ноябрь куни президентга касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича таклифлар тақдимотида сўз борди.
Қайд этилишича, тиббиёт муассасаларига марказлашган ҳолда дорилар харид қилишда камчиликлар бор. Баъзи шифохоналарда талабга нисбатан кам олинган бўлса, баъзиларида дорилар ортиб қолган.
Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2024 йилги давлат бюджетидан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари харид қилиш учун 1,3 трлн сўм сарфланганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тиббий техника давлат ташкилотлари ва O‘zmedimpeks компаниясини (Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тиббий асбоб-ускуналарни харид қилишга жавобгар) ўзаро бирлаштириш орқали Харидлар марказини ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади.
Марказга 2025 йил 1 январдан бошлаб оригинал дори воситалари ва ёпиқ турдаги лаборатор ускуналар учун сарфлов воситаларини бевосита ишлаб чиқарувчидан тўғридан-тўғри харид қилишга рухсат берилади.
Хусусан, ишлаб чиқарувчиси дунёдаги ягона компания бўлган оригинал дорини тўғридан-тўғри сотиб олишга рухсат берилади.
Ушбу тоифага, шунингдек, лаборатория жиҳозлари ишлаб чиқарувчининг реагентлари учун мос бўлган ёпиқ лабораториялар, шунингдек, шошилинч ва тез тиббий ёрдам учун дори-дармонлар киради.
Бундан ташқари, дори воситалари ва тиббий буюмларни ўн беш ойлик талаб асосида харид қилиш тизими таклиф этилмоқда. Бунда келгуси йиллар учун эҳтиёжлар 1 августдан кечикмасдан, давлат бюджети параметрлари билан бир вақтда шакллантирилади.
Бундан ташқари, айрим тиббиёт муассасаларида яроқлилик муддати яқин қолган дори воситалари харид қилинган. Шу муносабат билан, эндиликда яроқлилик муддати 50 фоизга ўтган дори воситаларини харид қилиш тақиқланади. Ушбу дори воситаларининг мониторинги Харидлар маркази томонидан амалга оширилади.
Хориждан харид қилинган дори воситаларини сифатини сақлаб қолиш мақсадида ҳудудларга етказиб бериш ҳам марказ зиммасига юклатилади.
Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент дори воситалари ва тиббиёт буюмларини давлат харидлари бўйича шаффофликни таъминлаш устидан назоратни ўрнатади.