17:45 (15.11.2024)

241

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 4,0 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди

АОКАда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анвархон Акабиров иштирокида ўтказилган брифингда жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди:

Хусусан, ўтган 10 ой давомида 2,73 трлн. сўмлик дори воситалари, 771 млрд. сўмлик тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ҳамда 498 млрд. сўмлик бошқа турдаги фармацевтика маҳсулотлари, яъни, биологик фаол қўшимчалар ва гигиеник воситалар ишлаб чиқарилди.

 Корхоналар томонидан 153,2 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспортчи корхоналар сони 36 тага ортиб, жами 365 тани ташкил этмоқда. Ушбу корхоналар томонидан 45 та давлатга маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Жорий йилдан Франция, Германия, Дания ва Словакия давлатларига маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди.

 Фармацевтика йўналишида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида 147 млн. АҚШ доллари маблағлар ўзлаштирилди. Шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар – 92 млн. АҚШ долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг 10 ойида 12 та лойиҳа ишга туширилди, улар доирасида 641 нафар янги иш ўринлари ва 145 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Хусусан, Хоразм вилоятида қиймати 4 млн. АҚШ долларлик инфуцион эритмалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси;

Самарқанд вилоятида қиймати 18 млн. АҚШ долларлик дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси;

Тошкент шаҳрида қиймати 3 млн. АҚШ долларлик инфузион дори воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳалари ишга туширилди.

Жорий йилда “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг Маъмурий биноси ишга туширилди. Халқаро Фармацевтика техник университети ўз фаолиятини бошлаб, илк талабаларни қабул қилди.

“Tashkent Pharma Park” кластернинг саноат зонасида умумий қиймати 658 млн. АҚШ долларлик 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар учун Кластер ҳудудидан 77,65 гектар ер майдони ажратилди.

Кластерда, қиймати 40 млн. АҚШ долларлик илк янги лойиҳа ишга туширилди ва 300 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, 51 гектар ер майдонда 607 млн. АҚШ долларлик 18 та лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Жанубий Кореянинг Эксимбанки билан биргаликда “Tashkent Pharma Park” кластерининг илмий-ўқув қисмини ташкил этиш II босқичи доирасида қиймати 105 млн. АҚШ долларлик битим имзоланди. Лойиҳанинг I босқичи доирасида, яъни 83,7 млн. АҚШ долларлик Фармацевтика техник университети биносини қуриш лойиҳа смета ҳужжатлари кореялик маслаҳатчилар томонидан ишлаб чиқилди. Ҳозирда қурувчи компанияни танлаш бўйича тендер танловлари ўтказилмоқда.

Жорий йилда соҳадаги корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш мақсадида “Зарур амалиётлар маркази” Давлат муассасаси ходимлари сони 4 баробар оширилди.

Бунинг натижасида жорий йилнинг 10 ойида 39  та ишлаб чиқарувчи корхоналарда (шу жумладан, ишлаб чиқариш линияларида) “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – (GMP)” стандарти жорий этилди. GMP стандартига эга корхоналар сони 53 тага, ишлаб чиқариш линияси сони 87 тага етди.

“Зарур дистрибьюторлик амалиёти – GDP” стандартига эга ташкилотлар сони 328 тага етди. Бу йилнинг ўзида 182 та дистрибьюторга GDP стандарти жорий этилди.

2024 йилда “Зарур дорихона амалиёти – GPP” стандарти бўйича дорихоналарни сертификатлаштириш ишлари бошланиб, бугунги кунда 1 246 та тармоқли дорихона сертификатлаштиришдан ўтди. Дорихоналар томонидан GPP сертифкати учун жами 5 311 та ариза топширилди. Йил якунига қадар республикадаги барча тармоқли дорихоналарда GPP стандартини жорий этиш ишларини якунлаш белгиланган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech